среда, 24 апреля 2013 г.

Ўзбекистон ва Польша прокуратура органлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди


Мамлакатимизга ташриф буюрган Польша Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Марек Ямрогович раҳбарлигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашиджон Қодиров билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб йўналишлар қатори ҳуқуқий соҳада ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлаётгани алоҳида таъкидланди. 


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ўтган учрашувда меҳмонларга  юртимизда амалга оширилаётган фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини ривожлантириш ва суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар, мамлакатимиз прокуратура органларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда уларнинг ваколатлари ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.


Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Польша Республикаси Бош прокуратураси ўртасида прокуратура органларининг ҳамкорлиги тўғрисида меморандум имзоланди.

 

Польша делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти фаолияти билан танишди. Делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий судида ҳам музокаралар ўтказди.

Ташриф доирасида меҳмонлар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларни бориб кўрдилар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий