Вазифаси бўйича одам савдосига қарши курашиши керак бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими одам савдоси бўйича жиноий гуруҳга раҳбарлик қилган. Бу ҳақда «Huquq va burch» ижтимоий-ҳуқуқий журналиининг 3-сонида хабар берилган.
Журналда воқеа қачон содир бўлгани («яқинда» дейилган) ва айбланувчи айнан қайси органда, қайси лавозимда ишлагани тўғрисида маълумот берилмаган. Жиноий иш бўйича суд жараёни 2012 йил май ойида ўтказилган.
Маълум бўлишича, А. Абдусатторов, Ф. Эрмирзаев, Ж. Бурҳонов ва А. Ҳанифовдан иборат гуруҳ асосан Қозоғистонга чегарадош бўлган Зангиота туманидаги Чувалачи қишлоқ фуқаролар йиғини орқали одамларни хорижга жўнатиш, айланма йўллар орқали Ўзбекистонга одамлар ва ҳар хил сифатсиз қандолат маҳсулотларини олиб кириш билан шуғулланган. Журналнинг ёзишича, гуруҳ «киши бошига 75-150 минг сўм атрофида пул олиш эвазига хорижий ҳамтовоқларига кўмаклашган».
«Ачинарлиси, жиноий гуруҳ раҳбари А. Абдусатторов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими бўлиб, вазифасига кўра одам савдосига қарши курашиши лозим бўлса-да, ноқонуний хатти-ҳаракатларига 1986-1990 йилларда туғилган ғўр ёшларни жалб этган», – деб ёзади «Huquq va burch».
2012 йилнинг май ойида ушбу ҳолат бўйича суд жараёни бўлиб ўтган. Суд ҳукмига асосан гуруҳ раҳбари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходими А. Абдусатторов Жиноят кодексининг 211- ва 223-моддалари билан айбдор деб топилиб, тўрт ярим йилга, гуруҳ аъзолари эса уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Бундан ташқари, Зангиота туманидаги Чувалачи қишлоғида яшовчи А. Раупов ва Ш. Ёқубов ҳам одам савдосига кўмаклашган ва киши бошига 50-150 минг сўм атрофида пул ишлаган. Журналнинг ёзишича, «бугун улар ҳам қилмишларига яраша жавобгарликка тортилдилар».
Комментариев нет:
Отправить комментарий