четверг, 18 апреля 2013 г.

Америкада яна портлаш, қурбонлар бор.

 

 

 

Кучли портлаш бу гал Техас штатидаги ўғит ишлаб чиқарувчи заводда юз берган. Камида 100 киши яраланган. Қурбонларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас. Кўпчилик бедарак кетган.
Завод Вако шаҳридан 30 чақиримча узоқликдаги Уэст шаҳарчасида жойлашган.
Портлаш чоршанба куни маҳаллий вақт билан соат кечки саккизга яқин рўй берган. Ҳодиса сабаби ҳозирча маълум эмас.
Портлаш оқибатида бир қанча бинога ўт ҳам кетган. Биноларда одамлар қамалиб қолишгани тахмин этилмоқда.
Америкалик масъуллар қурбонлар борлигини инкор этишмаётир. Бироқ ҳозирча уларнинг сонларига оид аниқ рақамларни келтиришмаган.
Бедарак кетганлар
Техас Жамоат хавфсизлиги бошқармаси вакили Дин Уилсоннинг айтишича, ҳозир қутқарув ишлари кетмоқда.
Унга кўра, ёнғин ҳамон давом этаётир. Янги портлашлар эҳтимолидан хавотирда бўлган ўт ўчирувчилар ҳам уни ўчиришга уринишаётгани йўқ.
Жаноб Уилсоннинг билдиришича, Уэст шаҳарчаси аҳолисининг ярми кўчирилган. Бу ерда уч мингга яқин кишининг яшаши айтилади.
Агар, маҳаллий матбуот хабарларига қаралса, дастлаб заводда юз берган ёнғинни ўчириш учун ўт ўчирувчилар чақирилган.
Улар ёнғинни ўчиришга уринаётган пайтларида эса, кучли портлаш юз берган.
Ўт ўчирувчилардан ҳам бир қанчаси бедарак кетган.
Тез тиббий ёрдам ходимлари эса, жабрдийдаларни маҳаллий стадионга олиб ўтишмоқда.
Уларнинг орасида жароҳати оғир бўлганларининг сони ҳам ўнлаб экани айтилмоқда.
Шоҳидлар иқрори
Маҳаллий полиция нозирига кўра, умри бино бўлиб, бу каби ҳодисага гувоҳ бўлмаган.
“Кечаётган ҳодисалар худди жанг майдонини эслатади”, дейди Парнелл Макнамара.
Бошқа бир гувоҳ Дебби Маракнинг айтишича, аввал кўзи осмонга ўрлаётган тутунга тушган. Кейин нима бўлганини билиш учун заводга яқинроқ борган.
“Кейин қандайдир гўмбирлаш садоси эшитилди. Ёнимга қўрққанларидан қичқириб, болалар чопиб келишди. Завод портлаб кетиши мумкин, деб полиция биздан сатҳни зудлик билан тарк этишимизни сўради”, дейди у.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан яна бирининг сўзларига кўра, заводдан 20 чақиримча узоқликда бир қанча портлаш овозини эшитган.
"Худди учта бомба портлагандек туюлди", деб айтган Лидия Циммерман.
Техас штати губернатори ўз баёнотида, "Ҳозир вазиятни кузатиб, маълумот тўплаётганликлари, барча захиралар ишга солингани ва Уэст аҳолисининг омонлиги учун дуо қилиб қолишлари"ни билдирган.
Шу душанба куни Бостон шаҳрида кечаётган марафон чоғида юз берган қўшалоқ портлаш эса, уч кишининг умрига зомин бўлган ва 150 дан ортиқроғини яралаганди.
Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, хавфсизлик масъуллари гумондорлардан бирини аниқлашга муваффақ бўлишган. Аммо уни ҳибсга олишганига оид гап-сўзларни кескин рад этишган.

BBC uzbek xizmati

Комментариев нет:

Отправить комментарий