четверг, 18 апреля 2013 г.

Америкалик мулозим Тошкентда матбуот эркинлиги аҳамиятини урғулади

 

АҚШ Давлат котибининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Майк Ҳаммер Тошкентда матбуот эркинлигига бағишланган анжуман ўтказган.
Анжуман "Давлат ҳокимияти органларининг очиқлиги - жамоат назоратини таъминлашнинг муҳим шарти" деб номланган.
Давлат котиби ёрдамчиси Майк Ҳаммер Америка Қўшма Штатлари мустақил журналистларни қўллаб-қуватлайди, деб айтган.
"Биз уларни тўртинчи ҳокимият деб кўрамиз, уларнинг хабарларига таянамиз", деб айтган жаноб Ҳаммер.
Самарқандлик таниқли журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг Интернетдаги ўз блогида ёзишича, АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Майк Ҳаммер қонунлар қабул қилинишигина эмас, ҳаётга татбиқ этилиши ҳам лозим деб айтган.
"Қонунларнинг ҳаётга жорий этилишигина уларнинг самарасини ва халқ учун фойдасини намойиш этади", деб айтган жаноб Ҳаммер.
АҚШ давлат муассасаларининг шаффофлиги, сўз ва матбуот эркинлигига катта аҳамият беради. Анжумандаги чиқишимда, шунингдек талабалар ва журналистлар билан учрашганимда ҳукумат учун оммавий ахборот воситалари билан очиқ ишлаш муҳимлигини урғуладим. Ҳатто репортаж ва материалларда бизга нимадир ёқмаса ҳам, улар нуқсонларни аниқлаш, уларни бартараф этиб такомиллашишимизга кўмаклашади", деб айтган жаноб Ҳаммер.
АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботларида, шунингдек халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлиги аҳволи абгорлигини қайд этиб келадилар.
Айниқса, 2005 йилги Андижон хунрезлигидан кейин Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги мустақил журналистлар, халқаро оммавий ахборот воситалари мухбирларига тазйиқларни кучайтирди.
Журналистлар Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдилар.
Нуфузли ахборот агентликлари, радио ва нашрларнинг Тошкентдаги ваколатхоналари Ўзбекистон қонунчилигини бузиш важи билан билан ёпилди.
АҚШ Давлат котибининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Майк Ҳаммер 7 апрелдан 14 апрелгача Тожикистон ва Ўзбекистонга сафар қилиши хабар қилинган.
Жаноб Ҳаммер 2012 йилнинг 30 мартида АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси сифатида қасамёдга келтирилган.

BBC uzbek xizmati.

Комментариев нет:

Отправить комментарий