понедельник, 20 мая 2013 г.

Тўрт нафар америкалик ёзувчи Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда

Тўрт нафар америкалик ёзувчи – Энн Ҳуд, Стивен Куусисто, Чинело Окпаранта ва Кристофер Меррил – 17-22 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Улар ижодкорлар учун АҚШнинг Айова Университетида ташкил этилган Халқаро бадиий ижодий дастур шафелигида мамлакатга сафар қилмоқда. Ташриф АҚШ Давлат департаменти ва Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ҳомийлигида ташкил этилган. Ўзбекистонда америкалик ёзувчилар ўзбекистонлик қалам соҳиблари билан ижод сирларини ўртоқлашади ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасидаги тадбирда иштирок этади.
Тошкентдалиги чоғида америкалик ёзувчи-элчилар шоир, ёзувчи, талаба ва ўқувчилар билан мушоира ва ижодий суҳбатлар ўтказади. Ижодкорлар Самарқандга ташриф буюриб, у ерда Самарқанд давлат университети талабалари билан ҳам учрашади.
Шоир Кристофер Меррилл ўтган йили Ўзбекистонга ташриф буюриб, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Наманганда шоир, ёзувчи ва журналистлар билан қизиқарли суҳбатларга бой учрашувларда қатнашган. Унинг шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган ва Ўзбекистондаги қатор газета ва журналларда ҳамда шеърий баёзларда босилган. Қолган уч нафар америкалик ёзувчи биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда.
Энн Ҳуд тўққизта роман, битта ҳикоялар тўплами ва иккита ҳужжатли асар муаллифидир. Унинг асарлари 30 дан ошиқ тилга таржима қилинган. У қисқа бадиий асарлар учун Пол Боулз мукофотига, икки марта Пушкарт мукофотига сазовор бўлган ҳамда асарлари “Американинг маънавият мавзусидаги энг яхши асарлари”, “Американинг озиқ-овқат мавзусидаги энг яхши асарлари” ва “Американинг саёҳат тўғрисидаги энг яхши асарлари” қаторига киритилган.
Стивен Куусисто бир нечта мемуар ва шеърий асарлар муаллифидир. Айова ёзувчилар семинари ва Фулбрайт дастури стипендиати бўлган С.Куусисто Айова университети, Нобарт ва Уилям Смит коллежлари ва Оҳайо штат университетида ўқитувчилик қилди. У айни пайтда Сиракуза университетидаги Рене Краун эҳтиром кўрсатиш дастури директоридир ва ўша ердаги Инсон ҳуқуқлари сиёсати, қонунчилиги ва ногиронлик тадқиқотлари марказида ўқитувчилик қилади.
Чинело Окпаранта “Бахт, сув мисоли” ҳикоялар тўплами муаллифидир, ушбу тўплам 2013 йилда “Ҳаффингтон Пост” Интернет нашрининг энг яхши китоблар рўйхати танламига киритилди. Ёзувчи 2012 йили АҚШнинг адабиёт соҳасидаги Ижодкорлар стипендиясига номзод қилиб кўрсатилди. Айни чоқда у “Удала дарахтлари остида” деб шартли номланган илк романини ёзяпти.
Халқаро ижодий дастур жаҳон ҳалқлари адабиёти учун хизмат қилувчи ўзига хос ижод тизими бўлиб, у бутун дунёдан келадиган таниқли ёзувчиларни ўзаро бирлаштиради, бадиий ўқиш ва учрашувлар ташкил этиш орқали  маълум халқлар адабиёти вакилларини америкалик ўқувчилар, америкалик ёзувчиларни эса бошқа маданиятлар билан таништиради. Қолаверса, ушбу дастур адабиётга оид янгиликлар алмашув маркази ҳамда ғоят қимматли архив ва педагогик материалларга эга маскандир. 1967 йилдан буён 140 дан ортиқ мамлакатдан келган 1400 нафардан зиёд ёзувчилар, шу жумладан тўрт нафар ўзбекистонликлар, Айова университетида яшаб, ижод қилишган.
Америкалик ёзувчиларнинг ташрифи АҚШ Давлат департаментининг Ёзувчи-элчилар дастури доирасида ташкил этилган. Ёзувчи-элчилар ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳамкорликни кучайтириш, шу билан бирга бутун дунёдаги шоир ва ёзувчилар билан дўстлашиш мақсадида АҚШ адабий жамоатчилигининг энг яхши намуналарини дунёдаги бошқа халқлар билан ўртоқлашади.

 http://uzbek.uzbekistan.usembassy.gov/051613pr_uz.html

Комментариев нет:

Отправить комментарий