пятница, 10 мая 2013 г.

Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланди

09-05-2013
 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси умумхалқ байрами сифатидан нишонланадиган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати балан пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум бўлди. 


Бу ерга уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳукумат аъзолари, сенаторлар ва депутатлар, ҳарбийлар, жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди. Майдон узра маҳзун мусиқа таралди. Соат 09:30да майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келди. Давлатимиз раҳбари ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.


– Бугун халқимиз Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 68 йиллигини, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонламоқда, – деди Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда. – Айни шу кунларда барча-барча юртдошларимиз ўз инсоний бурчини бажо этиб, Ватанимиз озодлиги, мусаффо осмони учун жон бериб, қурбон бўлганларнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қилади.


Бугун орамизда бўлган, бизга маънавий ибрат бўлиб юрган барча уруш қатнашчиларини ана шу буюк сана билан чин қалбдан табриклашни ўзим учун катта шараф деб биламан, деди Юртбошимиз. Шулар қаторида фронт ортида хизмат қилиб, ўта оғир шароитда ғалаба қозонишга катта ҳисса қўшган юртдошларимизга, барча-барча фахрийларимизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаб қоламан.


Президент ўз нутқида шунингдек баъзи рақамларни ҳам ёдга олиб ўтди. 

- Урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони жангларда бевосита иштирок этган. 500 мингга яқин юртдошларимиз урушда ҳалок бўлганини, қанчаси бедарак кетганини, қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтганини ҳисобга оладиган бўлсак, бизнинг халқимиз фашизм балосига қарши курашга қандай катта ҳисса қўшганини тасаввур қилиш қийин эмас, деди юртбошимиз.


Биз бугун қандай шиддат билан ўзгариб, ён-атрофимизда қарама-қаршилик, хавф-хатарлар кучайиб бораётган нотинч замонда яшаётганимизни кузатиш ва англаш қийин эмас.


Шулар ҳақида гапирар экан, Президентимиз Афғонистонда ўттиз йилдан кўпроқ давом этаётган уруш ҳозирги кунда бизнинг ҳудудимизда, бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка энг катта хавф-хатар эканлигини алоҳида таъкидлади.


Афғонистондаги кўп йиллардан буён давом этаётган қонли урушни ҳарбий куч билан ҳал қилиш мумкин эмаслиги, бу инқирозни бартараф этишнинг ягона йўли – сиёсий йўл экани, қандай қийин бўлмасин, қарама-қарши кучларни музокаралар орқали ўзаро келишувга олиб келиш кераклигини таъкидлаб ўтди. 


Мамлакатимиз раҳбари ўз навбатида Ўзбекистоннинг Афғонистон давлатига нисбатан олиб бораётган сиёсатининг аниқ ва очиқ эканини таъкидлаб, Ўзбекистон  Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик, Афғонистонга қарши қаратилган турли ҳарбий-сиёсий бирлашмаларда қатнашмаслик, Афғонистон билан алоқаларимиз ва ҳамкорлигимизни фақатгина икки томонлама асосда ташкил қилиш, афғон халқи танлаган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш сиёсатини ўзига маъқул топишини қайд этиб ўтди.


Менинг истагим: ана шу гўзал ва бетакрор юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон бахтли бўлсин, ҳар қайси оилага тинчлик-хотиржамлик, файзу барака доим ёр бўлсин, деди пировардида Ислом Каримов.


Манба: ЎзА

Комментариев нет:

Отправить комментарий