четверг, 27 июня 2013 г.

Ўзбек журналистикаси факт ва рақамларда


studio

27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни. Касб байрамимиз арафасида, мамлакатимиз журналистикаси тарихи билан боғлиқ, бир қанча факт ва рақамларга мурожаат қилмоқчимиз.


Ўзбек тилидаги илк миллий газета

2013 йил 1 январ ҳолатига кўра, юртимизда 712 та газета ва 275 та журнал рўйхатдан ўтган. Илк ўзбек миллий газетасига эса, жадидчилик ҳаракатининг таниқли вакилларидан бири Исмоил Обидий томонидан асос солинган. 1906 йилнинг 27 июнь куни “Тараққий” газетасининг илк сони дунё юзини кўрган эди. Айни пайт ушбу кун мамлакатимизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

Бугунги кунга қадар тўхтовсиз фаолият юритиб келаётган энг ёши улуғ нашр эса  “Зарафшон” газетаси (ҳозирда Самарқанд вилояти ҳокимлиги нашри) ҳисобланади. Бу газета шу йили ўзининг 100 йиллигини нишонлади.  “Зарафшон” 1913 йил 15 апрелида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг масъул муҳаррирлиги остида чиқа бошлаган.

Илк мустақил нашрлардан бири эса “Даракчи” газетасининг рус тилидаги нашри ҳисобланади (1996 йил 15 май).   


Ўзбекистон  ахборот агентликлари

Бугунги кунда мамлакатимизда 4 та ахборот агентлиги фаолият юритмоқда. Жумаладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги давлатимизнинг  расмий ахборот манбаи ва мамлакатдаги етакчи ахборот агентлигидир. Унинг фаолияти 1918 йили Тошкентда РосТА (Россия телеграф агентлиги) бўлими очилганидан бошланади. Кейинчалик у ТАСС тизимидаги ЎзТАГ – Республика Телеграф Ахборот агентлигига айлантирилди. 1992 йил 5 февраль кунидан эътиборан агентлик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) сифатида қайта ташкил этилди. Айни пайтда ЎзА ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, испан, араб ва хитой тилларида жаҳон бўйлаб ахборот тарқатмоқда.

Биринчи нодавлат ахборот агентлиги эса “Туркистон-пресс” ҳисобланади. У 1998 йил ташкил топган.

Юртимизда веб сайтлар ҳам ОАВ сифатида рўйхатга олинмоқда, жумладан 2013 йил 1 январь ҳолатига кўра 220та интернет сайтлари рўйхатга олинган. 


Ўзбекистондаги илк радио


Ўзбекистонда илк радиоэшитришлар тажрибалари 1926 йилда Тошкентда амалга оширилган. 1927 йил 11 февралда қуввати 2 кВт бўлган оммавий радиостанция ишга туширилиб, мунтазам радиоэшиттиришлар бошланган. Бугунги кунда юртимизда 34 та радиоканал фаолият юритмоқда.


Ўзбекистондаги илк ТВ

Тошкент ОАВ тарихида телевидение ватани сифатида эътироф этилади. Тошкентлик олимлар Б.Грабовский ва И.Белявскийлар илк бор ҳаракатдаги тавсирни масофага узатиш имконини берувчи қурилмани яратишган. Ўзбекистонда телекўрсатувларни расмий равишда эфирга узатиш 1956 йил 5 ноябрдан бошланган. Худди шу пайтда Тошкент телевидение студияси ташкил этилган. Юртимиздаги илк нодавлат телеканал сифатида эса СТВ – Самарқанд телерадикомпанияси рўйхатга олинган. Бу телеканал ўз фаолиятини юртимиз мустақилликка эришишидан олдин, 1991 йил март ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Наврўз тантаналари ҳақидаги хабарни эфирга узатишдан бошлаган. Бунги кунга қадар юртимизда 60дан зиёд телеканал фаолият олиб бормоқда.

 

Manba: www.darakchi.uz


Комментариев нет:

Отправить комментарий