четверг, 20 июня 2013 г.

Ислом Каримов Жиззах ва Сирдарёга ташриф буюрди


19-06-jizzax

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 19 июнь куни Жиззах ва Сирдарё вилоятларига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятига сафарини “Жиззах пластекс” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасига ташрифдан бошлади. - Мустақилликка эришганимиздан кейин пахтани ўзимизда қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратдик, дейди Ислом Каримов. - Агар мустақиллигимизнинг илк йилларида пахта толасининг 10-12 фоизи мамлакатимизда қайта ишланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 30 фоиздан ошди.


Давлатимиз раҳбари шунингдек, енгил саноатни ривожлантириш орқали пахта толасини қайта ишлаш кўрсаткичларини мунтазам равишда кенгайтириш масаласининг аҳамиятига атрофлича тўхталди. Мисол учун, бир долларлик пахта толаси қайта ишланиб, калава ипга айлантирилганда ярим тайёр маҳсулот бўлиб, ундан 4-5 доллар, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилганда эса 10-12 доллар фойда олиш мумкин. Яна бир аҳамиятли томони – енгил саноат ишчи кучини энг кўп талаб қиладиган тармоқлардан биридир.


Ислом Каримов мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан, юксак сифатли пахта хомашёси етиштириладиган Жиззах вилоятида толани қайта ишлайдиган ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналарни кўпроқ ташкил қилиш ғоят муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

Шунингдек Давлатимиз раҳбари шаҳарларнинг бош режаси устида ишлашда узоқ истиқболни ўйлаб иш юритиш лозимлигини таъкидлади. Жумладан Жиззах шаҳрида ҳам айланма ҳалқа йўлини барпо этиш, кўп тасмали магистраль йўлларни қуриш, коммуникацияларни ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, замонавий бино ва иншоотларни барпо этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.


– Пойтахтимиз Тошкент ва бошқа шаҳарларимиз тажрибасидан келиб чиқиб, Жиззах шаҳрининг маданий марказини яратишимиз лозим, – деди Ислом Каримов. – Шаҳарда каштан, эман, япон сафораси каби ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар экилган хиёбонлар ва яшил ҳудудларни барпо этиш ҳам муҳим вазифалардан. 


Юртбошимиз Пахтакор туманидаги “Жавлонбек” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, фермерлар ва вилоят фаоллари билан суҳбатлашди. Юртбошимиз фермер ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан мулоқот чоғида ғалла ҳосилини қисқа фурсатларда йиғиштириб олиш, июль ойининг одатдагидан иссиқ келиши мумкинлигини ҳисобга олиб, ғўзани иссиқ уришдан асраш чораларини кўриш кераклигини алоҳида таъкидлади.


Президентимиз Ислом Каримов шу куни Сирдарё вилоятига келди ва Оқолтин туманидаги “Авазбек Умаров” фермер хўжалиги даласида бўлиб, фермерлар билан суҳбатлашди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда фермерлик ҳаракатининг аҳамияти катта эканини алоҳида таъкидлади. - Ҳаммамизга маълумки, совет тузуми даврида хусусий мулк бўлмаган. Биз собиқ совет тузумининг асоратларидан фермерларга ер ажратиб, уларда мулкдорлик ҳиссини шакллантириш орқали халос бўла бошладик, деди Юртбошимиз. - Бугун фермерлар – мамлакатимизнинг устунига айланди. Устун эса таянч демакдир. Лекин фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан фаровонликка эришиб бўлмайди. Фермерларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш лозим. Чунки фермерлик ҳаракати иқтисодиётимизни ривожлантиришга, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қудратли кучдир.


Президентимиз Ислом Каримовнинг Жиззах ва Сирдарё вилоятларига сафари давомидаги учрашув ва мулоқотлар мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини ва Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини яққол кўрсатди.

Манба: ЎзА.

Комментариев нет:

Отправить комментарий