Сўнгги вақтларда Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида давлат чегарасининг
бузилиши ҳолатлари қайд этилган. Бу ҳақда, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик
хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматига
асосланиб, 25 июнь куни Podrobno.Uz
хабар тарқатди.
Жумладан, 7 июнь куни икки ов милтиғи билан қуролланган номаълум
шахслар Ўзбекистоннинг Шут аҳоли пункти яқинида Тожикистон тарафдан
давлат чегарасини кесиб этиб, қурол билан таҳдид қилиб, Ўзбекистон
фуқаролари, уларга тегишли майда шохли молни ушлаб, Тожикистоннинг Фороб
қишлоғи томонга ҳайдаб кетишган.
14-15 июнь кунилари соат 23:35дан 9:00гача Ўзбекистон чегарачилари
томонидан 1 минг 475 дона молни ўтлатиш мақсадида қасддан Ўзбекистон
давлат чегарасини бузиб ўтиб, мамлакат ичкариси томон бир километргача
кириб борган беш нафар номаълум шахс қўлга олинган (ушбу воқеа қаерда
содир бўлгани кўрсатилмаган).
Бундан ташқари, 23 июнь куни соат 05:50да Бахмал туманининг Тагапсой
қишлоғи яқинида ўзбекистонлик чегарачилар томонидан Тожикистон
фуқаролари ҳисобланган икки нафар чўпон қайд этилган. Улар Ўзбекистон
ҳудудини ўз молларини ўтлатаётган бўлган. Қўлга олишга уриниш вақтида
чўпонлар молни ташлаб, Тожикистон ҳудудида яширинишган.
24 июнь куни соат 01:00да худди ўша йўналиш бўйича ов милтиқлари
билан қуролланган уч нафар номаълум шахс Ўзбекистон чегарасини бузиб
ўтиб, мамлакат ичкариси томон 3-4 километргача кириб борган. Айни
вақтда, улар мақсадли равишда Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган уч нафар
чўпонни қўлга олиб, уларга тегишли 1,5 минг бош майда шохли молни
эгаллаб олишган ва жисмоний куч ишлатиш йўли билан уларни Тожикистон
ҳудудига олиб ўтишга ҳаракат қилишган.
Чўпонлардан бири қоидабузарлар қўлидан қочиб чиқиб, ҳодиса ҳақида
Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбийларига маълум қилишга
муваффақ бўлган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида эгаллаб олинган мол
Ўзбекистон чегарачилари томондан қайтарилган. «Жиноятчилар эса
Тожикистон ҳудудига яширинишга улгуришди, уларни 10га яқин тожикистонлик
чегарачилар кутиб олгани Тожикистон Чегара қўшинлари ҳарбийларининг
ноқонуний хатти-ҳаракатлари олдиндан режалаштирилганини кўрсатади», –
дейилади Миллий хавфсизлик хизмати қўмитаси хабарида.
Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон қонунчилигига асосан қўлга олинган
шахсларга нисбатан Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари
томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда. «Шунга қарамай, Ўзбекистон ва
Тожикистон ўртасидаги конструктив муносабатларни сақлаб қолиш мақсадида,
Бахмал ва Оҳангарон туманларида ушлаб қолинган мол тегишли тартибда
Тожикистон тарафига топширилди», – дея қўшимча қилинган Ўзбекистон МХХ
Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси хабарида.
Manba: www.kun.uz