четверг, 25 июля 2013 г.

Қирғизистон ҳалок бўлган ўзбек чегарачилари учун узр сўради


Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудий чегара бошқармалари раҳбарларининг 23 июль куни бўлиб ўтган учрашуви чоғида, Қирғизистон томони чегарада келиб чиққан низо натижасида ҳалок бўлган ўзбекистонлик чегарачилар учун узр сўради. Бу ҳақда Podrobno.Uz интернет-нашри хабар бермоқда.
Икки мамлакат ҳудудий чегара бошқармалари раҳбарлари ўртасидаги учрашув Наманган вилоятиниг Уйчи туманида – 23 июль куни Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистон МХХ Давлат чегаралари қўриқлаш қўмитаси ҳарбийларига қарата ўт очган жойда бўлиб ўтди.
Қирғизистон Чегара хизматининг Ўш ва Жалолобод вилоятлари бўйича бўйича ҳудудий бошқармаси бошлиғи, полковник Абдукарим Алимбаев ҳодиса Ўзбекистон ҳудудида содир бўлганига ишонч ҳосил қилгач, қўл остидагилари раҳбарларни чалғитишга уринганликларини қайд этиб, ҳалок бўлган ўзбекистонлик ҳарбийларнинг қариндошлари ва яқинларидан узр сўради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида ўзбекистонлик чегарачиларнинг ҳалок бўлиши билан тугаган низо 23 июль куни юз берганди. Ўзбекистон ҳудудига кириб борган қирғизистонлик чегарачилар, уларга қарши чиққан ўзбекистонликлар ҳарбийларнинг огоҳлантиришларига жавобан ўт очишган. Натижада Равшан Толипов тез тиббий ёрдам машинасида, Турғун Жўраев эса операция вақтида ҳушига келмай ҳалок бўлган.
Воқеа жойига етиб келган ҳар иккала мамлакат чегара бошқармалари вакиллари ҳодиса Ўзбекистон ҳудудида содир бўлганига ишонч ҳосил қилишди. Қирғизистон томонига далилий ашёлар – қон излари, гильзалар, шунингдек, воқеа жойида 15 метр узоқликда бўлган гувоҳлар топширилган.
Полковник Алимбаев қурол Ўзбекистон ҳудудида қирғизистонлик ҳарбийлар томонидан асоссиз равишда ишлатилганини ишонч ҳосил қилди. Интернет-нашрнинг қайд этишича, қирғиз чегара бўлинмасига раҳбарлик қилган катта лейтенант Уланбек Телтаев сўроқ вақтида воқеа чегара чизиғи ўтадиган ариқдан бироз берироқда содир бўлганини таъкидлаб, ўз раҳбариятини алдашга ҳаракат қилган.
Катта лейтенант айтган жой кўздан кечирилганда, отишма ва қон излари умуман топилмаган, мутахассислар эса махсус металл изловчи мосламалар ёрдамида ҳам гильзаларни топа билишмаган. Podrobno.Uz’нинг ёзишича, «айнан мана шундай узоқни кўра билмайдиган зобитларнинг ёлғон маълумотлари сабаб, интернетда мудҳиш воқеанинг нотўғри талқинлари» пайдо бўлган.
Ҳалок бўлган ҳарбийлардан бири – Равшан Толипов икки боланинг отаси бўлган. Интернет-нашрнинг қўшимча қилишича, айни вақтда Наманган гарнизони ҳарбий прокуратураси жиноий иш қўзғаган.

Манба: www.kun.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий