
ЎзМТРК таркибидаги яна янги икки телеканал – «Ҳудудлар» ва «Оилавий» 2013 йилнинг декабрь ойи ўрталарида туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Daryo.Uz интернет-нашри ЎзМТРКдаги «ишончли манбалари»га асосланиб хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрь куни ЎзМТРК таркибида – «Ёшлар» телеканали қошида кинога бағишланган «Кинотеатр», «Тошкент» телеканали қошида «Наво» мусиқий телеканали ишга тушди. Ушбу телеканалларнинг ишга тушиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ноябрь ойи бошида пайдо бўлган, бироқ ЎзМТРК телеканаллар ишга тушгунига қадар улар ҳақида ҳеч қандай ахборот бермади. Бу орада, кино ва мусиқа телеканаллари билан бирга вилоятлар ҳаётига бағишланган «Ҳудудлар» ва «Ўзбекистон» телеканали қошида «Оилавий» телеканаллари ишга туширилиши ҳақида хабар берилган эди.Daryo.Uz’нинг ёзишича, «Ўзбекистон» телеканали базасида очиладиган «Оилавий» канали орқали оилавий қадриятлар мавзусига бағишланган кўрсатувлар намойиш этилади. Бундай дастурлардан бири «Мулоҳаза учун мавзу» деб аталиши кўзда тутилган. «Маданият ва Маърифат» қошида ташкил этиладиган «Ҳудудлар» телеканали эса республикадаги барча вилоятлар ҳаётига оид кўрсатувларни узатиш билан шуғулланиши маълум қилинди.
Айни пайтда ҳар иккала телеканални ишга тушириш устида изчил иш олиб борилмоқда.
Манба: www.kun.uz
Комментариев нет:
Отправить комментарий