Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида сўзлаган нутқини эълон қилди.
Ислом Каримов ўз нутқида Ҳамдўстлик давлат раҳбарлари саммити иштирокчиларини қутлаб, Беларусь Республикаси Президенти Александр Григорьевич Лукашенкога самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдиради.
Президент МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида ҳар қандай кўриниш ва шаклдаги терроризм ва экстремизмга йўл қўймаслик муҳитини шакллантириш, ушбу хавфли таҳдидларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига кўмаклашадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади.
“Саммитда жиноятчилик ва терроризм, наркотик воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши ҳамкорликда курашиш бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик концепциясининг қабул қилиниши Ҳамдўстликка аъзо барча давлатларнинг узоқ муддатли хавфсизлик манфаатларига мос келади”, деди Ислом Каримов.
Ислом Каримов Афғонистон масаласида ҳам фикр юритиб, “Ўзбекистон Афғонистон билан қўшни давлат сифатида унинг ички ишларига аралашмаслик, Афғонистон билан ҳамкорликни икки томонлама асосда ташкил этиш, Афғонистон халқи сайлайдиган ҳукуматга ёрдам бериш ва уни қўллаб-қувватлаш сиёсатига қатъий амал қилади”, деб таъкидлади.
Бунинг учун, Ислом Каримовга кўра, ҳар бир мамлакат ўзи қабул қиладиган чора-тадбирларни амалга ошириши, шунингдек, Афғонистондан қўшинларни чиқариш жараёни ён-атрофдаги мамлакатларга зиён етказмаслигидан манфаатдор томонларнинг ўзаро мувофиқлашган ва маслаҳатлашган ҳолда иш тутиши, энг муҳими, юзага келаётган шароитда аввало Афғонистоннинг ўзида тартибсизлик ва зўравонликка йўл қўймаслик мамлакатларимиз ва умуман, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш учун муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон раҳбари МДҲ маконида мамлакатлар ўртасида амалдаги савдо режимига салбий таъсир кўрсатмайдиган принципларга асосланган тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш масаласида сўз юритиб, бу МДҲ ҳудудида барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашнинг муҳим шартларидан эканлигини қайд этди.
“Бунда товар оқимлари тузилмасини диверсификация қилиш, ўзаро етказиб берилаётган товарлар турларини кенгайтириш ва энг муҳими, мувофиқлаштирилган ва самарали транспорт-коммуникация ҳамда тариф сиёсатини амалга ошириш улкан аҳамиятга эга”, деб қайд этди Ўзбекистон Президенти.
Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг Эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага қўшилишини қўллаб-қувватлаган Россия Федерацияси ва Ҳамдўстликнинг бошқа мамлакатларига миннатдорлик билдириб, МДҲ истиқболи ва келажаги кўп жиҳатдан Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларга ва, албатта, ҳеч бир муболағасиз биринчи навбатда, Россияга боғлиқ эканини айтиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбари собиқ иттифоқ ҳудудида Ҳамдўстлик билан бир қаторда бошқа интеграция жараёнларининг ҳам ривожланаётгани МДҲ фаолияти учун тўсиқ бўлмаётгани таъкидлади.
Шу билан бирга, давлатлараро бирлашмаларнинг ҳар бири – МДҲ, Божхона иттифоқи ва унинг асосида ташкил этилаётган Евроосиё иқтисодий иттифоқи бир-бирини такрорламасдан ўз йўналиши бўйича фаолиятини йўлга қўйиши ғоят муҳимдир.
Манба: www.kun.uz
Комментариев нет:
Отправить комментарий