пятница, 23 августа 2013 г.

Туб америкалик санъат элчиларининг Ўзбекистонга ташрифи

Туб америкаликлар маданиятини нишонлашга қаратилган тадбирлар қаторида АҚШ элчихонаси 2013 йил 24-28 август кунлари Тошкентдаги Миллий санъат марказида кўргазма ўтказади. Унда туб америкалик санъаткор, наваҳо қабиласи вакили Барбара Орнеласнинг ижод намуналари намойиш этилади. Апачи қабиласи вакили саналган Кеннет Данкан эса Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалида туб америкаликлар мусиқасини ижро этади. Бу икки санъаткор элчихона нишонлаётган “Туб америкаликлар санъати ҳафталиги” қатнашчилари ҳисобланади.   

Ўзбекистонлик санъат усталари ижодига мансуб ишлар билан бир қаторда кўргазмада Орнелас оиласидаги аёлларнинг тўрт авлоди тўқиган тикувчилик санъатига оид ижод намуналари ҳам намойиш этилади. Элчи Жорж Крол фикрича, “Орнелас ишларидаги нақш ва ранглар узоқ ўлкалар ва хилма-хил маданиятлар аро бадиий тасаввурнинг ўзаро уйғун эканини акс эттираркан, ер куррасидаги барча халқлар бир бутун эканига ишора қилгандай бўлади”. Кўргазма 24 август куни Тошкентдаги Миллий санъат марказида бўлиб ўтади, унда апачи қабиласи вакили Кеннет Данкан ўз маҳоратини намойиш этади. Шунингдек, Барбара Орнелас Самарқандга сафар қилиб, ўзининг бой тажрибасини вилоятдаги тўқимачилик санъати намоёндалари билан ўртоқлашади, жун газлама ва наматдан гилам тўқиш, тўқимачилик ва декоратив газламаларга оид 2000 йиллик анъаналар билан танишади.

«Шарқ тароналари» мусиқа фестивалидаги иштирокидан ташқари, Данкан Тошкент ва Самарқандда рассомлар ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўзбекистонлик санъат шинавандалари билан учрашади.

Барбара Орнелас бешинчи авлод тўқувчиси бўлиб, Нью-Мексикодаги Ту Грей Хилз Трейдинг Постда вояга етган. У профессионал тўқувчи ва юқори сифатли гобеленлар устасидир. Орнелас турли ярмарка ва фестивалларда Қўшма Штатлар бўйлаб туб америкаликлар маданияти вакили сифатида иштирок этиб келмоқда.  

Кеннет Данкан туб америкаликлар тарихи ва маданияти руҳини нишонлашга оид тақдимотлар беришга ихтисослашган дунёга машҳур “Yellow Bird Productions” раҳбаридир. У Арманистон, Грузия, Озарбайжон, Гватемала, Салвадор, Колумбия, Ливан, Қозоғистон ва Туркманистонда чиқишлар қилган.

Манба: http://uzbekistan.usembassy.gov/

Комментариев нет:

Отправить комментарий