четверг, 4 июля 2013 г.

Тест синовлари: 'X вариант', 'калла' ва 'паровоз'лар


Бу йил мамлакат олийгоҳларига 60 мингга яқин талаба қабул қилиниши кутилмоқда
1994 йилда тест синовлари жорий этилган вақт, биринчи навбатда, таълим тизимидаги таниш-билишчилик ва коррупцияга чек қўйиши айтилганди.
Аммо орадан икки йил ўтар-ўтмас, тест марказидаги қаллобликларга доир йирик жиноят иши тергов қилиниб, марказ директорининг ўринбосари узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди ва таълим соҳаси учун масъул бош вазир муовини лавозимидан четлатилди.
Аммо кириш имтиҳонларидаги қаллобликлар ҳақидаги гап-сўзлар тингани йўқ.
Ҳуқуқшунослик институти сингари нуфузли олий ўқув юртларининг "қанча туриши" эса халқнинг оғзида.

Муҳим тадбир

Мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги умумий, шунингдек, олий таълимнинг ҳам савияси кескин тушиб кетгани, соҳа коррупция ботқоғига ботгани айтилади.
Болалар меҳнати, талабаларнинг турли-туман юмушларга жалб этилиши эса аҳволни янада оғирлаштирган.
Аммо шунга қарамасдан, йилдан-йилга олий таълим олишни истаётганлар сони камаяётгани йўқ. Аксинча, рақамларга қараладиган бўлса, кўпаймоқда.
Жорий йилда мамлакатдаги олий ўқув юртлари 60 мингга яқин талабаларни қабул қилади.
Олий таълимга бўлган талаб кириш имтиҳонлари ёки тест синовларини мамлакат ҳаётидаги энг муҳим тадбирлардан бирига айлантирган.
Барча-милициядан тортиб, махсус хизматларгача тест синовларига жалб этилади.
Кириш имтиҳонлари бўлиб ўтадиган 1 август куни мобил алоқасидан фойдаланувчилар бир неча соатга тармоқдан узиб қўйилади.
Янги ва янги чораларни кўришга ундаётган нарса эса, аслида эски- ҳаммага таниш порахўрлик ва коррупциядир.

 
Милиция ва хавфсизлик хизматларининг иштироки синовларда адолатни кафолатламайди

'Паровоз'лар парвози

Ҳар йили 1 август куни у ёки бу олий ўқув юртини СНБ ёки ниқобликлар босгани, ўқитувчилар ва масъул шахсларнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалади.
Шу каби босқинларнинг энг сўнггиси ўтган йили Бухорода кузатилган. Ҳодисага гувоҳ бўлган бухоролик талабалардан бирининг айтишича, 1 август куни эрта соатларда Бухородаги меҳмонхоналардан бирига босқин уюштирилган.
"'Паровозлар' киролмагани учун баллар жуда паст бўлди. Натижада кўпгина оддий одамларнинг болалари ўқишга кириб кетди"
Бухоролик талаба
Айтилишича, у ерда махсус алоқа воситалари билан жиҳозланган марказ мавжуд бўлган.
"У ердагилар мобил телефонлари ўчирилган пайти ҳам алоқа қилиш имконига эга бўлишган. Бу ҳақда кейинроқ Миллий Хавфсизлик Хизмати олий ўқув юртлари масъуллари ва ўқитувчилар учун брифинг ўтказган", - дейди кириш имтиҳонларидаги қаллобликларни ўрганган талаба ва мустақил блоггер.
Тест синовларида қўлланадиган усулларни, афтидан, "ёмон сақланган сир", деб айтиш мумкин. Чунки оддий талабаларнинг кўпчилиги бу усуллардан яхши хабардор.
"Абитуриент билан бирга, тест синовларига "паровозлар" ҳам киритилади. Улар сохта ҳужжатлар билан киришади ёки ўз шахсларини тасдиқловчи ҳужжат бўлгани тақдирда ҳам, гаплашиб қўйилган абитуриент учун тестларни ечиб чиқишади. Ўша тестларни олиб чиқадиган алоҳида домлалар, Миллий Хавфсизликдан алоҳида ходимлар бўлишади. Буларнинг ҳаммаси аввалдан гаплашиб, келишилган ҳолда амалга оширилади", " - дейди бухоролик талаба.
Бухоролик талаба тасвирлаб берган усуллар Би-би-си суҳбатлашган Тошкентдаги давлат тест синовларига яқин манбаъ берган маълумотларга тўғри келади.
Номи ошкор этилишини истамаган манбаънинг айтишича, фавқулодда чоралар ва Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимларининг назорати остида ўтадиган тест синовларида тўртта муҳим, калит сўзлар бор.
1. "Шпаргалкалар" - имтиҳон куни тушадиган саволларнинг қисқартирилган варианти, яъни саволларнинг ва тўғри жавобларнинг бош ҳарфи қисқартирилган ҳолда имтиҳондан бир кун олдин ёки имтиҳон куни эрталаб "айрим шахслар" томонидан чиқарилади. "Шпаргалкалар" имтиҳон куни абитуриент билан бирга олиб кирилади.
2. "Х-вариант" - имтиҳон куни тушадиган саволларнинг аксарият қисми имтиҳондан 10 кун ёки бир ҳафта олдин "кимлардир" томонидан чиқарилади. "Х-вариант" - имтиҳон саволлари ва жавобларининг кенгайтирилган, яъни тушунарли бўлган ҳолати. Ундаги савол ва тўғри жавобларни имтиҳондан олдинроқ ёдлаб олиш имконияти бўлади.
3. "Калла" - имтиҳонга кириши керак бўлган абитуриентнинг ўрнига ундан кўра билимли бўлган "абитуриент"ни киритиб юбориш. Бунда имтиҳонга кираётган абитуриентга ўхшаш бўлган сохта "абитуриент" топилади ва уни имтиҳонга тайёрланади. Ана ўша сохта "абитуриент"га ҳам сохта хужжат тайёрланади. У ана ўша сохта хужжат билан бирга, аслида имтиҳонга кириши керак бўлган абитуриентнинг ўрнига имтиҳонга киради ва тест топширади.
4. "Паровоз" - "паровоз" ҳам ҳамма абитуриентларга ўхшаб ҳужжат топширади. Бироқ имтиҳон топшириладиган куни ўзининг тестини
эмас, балки аудиториядаги белгиланган абитуриентларнинг тестларини ечиб беради.
Аммо таълим мулозимлари бу каби усулларнинг мавжудлиги ёки уларга бирон-бир шаклда алоқалари борлигини қатъиян рад этишади.
Олий Таълим вазирлигининг масъул мулозими Би-би-си билан бу ҳақда суҳбатлашишдан бош тотди.
Андижон Давлат Университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Раимжон Алиев эса, оддий талабаларга маълум бўлган кириш имтиҳонидаги қаллобликлардан бехабар эканини айтади.
"Ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриент ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган тарзда, ўз билими билан тест ишлаб чиқади. Ҳеч ким унинг баллини кўтариб ёки тушириб қўймайди. Тизим комютерлаштирилган. Менимча, ҳар - хил усуллар, бу-одамларнинг гапи бўлса керак. Чунки бизда ҳозиргача бундай ҳолат учрамаган. Университетимиз жамоаси ундай нарсаларга қизиқмайдли ҳам", - дейди Андижон Давлат Университети проректори.

Камбағалнинг боласи қачон ўқишга киради?

Ўтган йили ўз кучи билан Мирзо Улуғбек номидаги Миллий Университетга кирган ва бюджет ҳисобидан таълим олаётган талабалардан бирига кўра, тест синовларида билими етарли бўлмаган абитуриентнинг баҳосини кўтариб қўйиш йўллари бўлиши мумкин, аммо тизим компютерлаштирилгани учун билимли абитуриентни синовлардан йиқитиш қийин.
"Агар абитуриент ҳақиқатан ҳам яхши тайёрланган бўлса, кириб кетади. Энг муҳими-унинг билими бошқа йўллар билан кирадиганларга нисбатан анча юқори бўлиши керак", - дейди Алишер исмли талаба.
Аммо билимли абитуриент учун адолатга эришиш унчалик осон эмас.
"Энг муҳими-абитуриентнинг билими бошқа йўллар билан кирадиганларга нисбатан анча юқори бўлиши керак"
Тошкентлик талаба
Англашилгани- тест синовларида қаллобликлар боис, кириш баллари кўтарилиб кетади. Ва орада ҳалол ёки камбағалнинг боласи қанчалик билимли бўлмасин, сунъий равишда кўтарилган ёки пора эвазига кўтариб қўйилган баҳога эриша олмайди.
Бирон аксилик юз бериб, "Х вариант" иш бермай қолган пайти, кўплаб оддий одамларнинг фарзандлари ўқишга кириб кетган ҳоллар талайгина.
Жумладан, Бухоро шаҳрида ўтган йили худди шундай бўлган.
"Паровозлар" киролмагани учун баллар жуда паст бўлди. Натижада кўпгина оддий одамларнинг болалари ўқишга кириб кетди", - дейди бухоролик блоггер.

Контракт тўловлари

Давлат бюджети ҳисобидан белгиланган ўринларнинг йилдан-йилга камайиб бориши ота-оналар учун таълим харажатларининг ортишини англатади.
Ҳукумат ҳар сафар ойлик ва нафақалар миқдорини ошираркан, талабаларни ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам сифатида алоҳида урғулайди.
Аммо талабаларнинг кўпчилиги давлат эмас, балки ўзлари, аниқроғи, ота-оналари ҳисобидан ҳимояланадилар.
Контракт тўловлари билан ота-оналарнинг реал даромадлари ўртасидаги тафовут қанчалик катта бўлмасин, таълим мулозимлари контракт пулларининг катта қисми талабаларнинг ўзларига стипендия сифатида қайтарилишини урғулашдан чарчашмайди.
Андижон Давлат Университети проректори Раимжон Алиевнинг айтишича, бу тўловларнинг катта қисми талабаларнинг ўзларига стипендия шаклида қайтарилади.
"Йилдан-йилга ижтимоий муҳофаза мақсадида ойликлар ва стипендиялар ошиб бораяпти. Ота-оналар контракт тўловларининг катта қисми талабаларга стипендия шаклида қайтарилишини яхши билишади. Шунинг учун мен ота-оналар томонидан жиддий эътирозларни кўрмадим", - дейди проректор.
Шу йил бошидаги чиқишларидан бирида Президент Ислом Каримов хорижлик дипломатлар қаршисида гапира туриб, "агар Ўзбекистоннинг демократия йўлидан боришига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлсангизлар, бизнинг ёшларимиз, коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари билан гаплашинг", - деган эди.
Аммо таҳлилчиларга кўра, репрессив тузум ва коррупциялашган таълим тизими демократияга йўл бериши қийин.

Manba: http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/07/130701_cy_uzbek_education.shtml

Самарқандда “концлагер терговхона” бошлиғи қўлга олинди

Қамоқхонадаги маҳбуслар қийноқлардан шикоят қилиб¸ Каримов ва Иноятовга ëзган ушбу мактуб 2004 йилда Озодлик мухбирларига етказилган эди.Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ўткир Норшодиев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Дастлабки маълумотларга кўра, Норшодиев ва у раҳбарлик қилган тергов гуруҳи хизмат ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда гумонланувчиларга қийноқлар воситасида айблов тан олдирганликда айбланмоқда.

Аввал Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи, сўнгра ИИБ бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган милиция подполковниги Ўткир Норшодиев Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Озодликка бу ҳақда хабар берган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Ўткир Норшодиев бошчилик қилган Самарқанд шаҳар ИИБ тергов гуруҳи гумонланувчиларни қийноққа солиб, қилмаган жиноятларини тан олдирганликда айбланмоқда:

- 2009 йилда Самарқандда қотиллик жинояти содир этилган эди. Ўшанда бу гуруҳ жуда кўп одамларни ҳибсга олиб, уларга оғир тан жароҳатлари етказиб, қийнаб, қилмаган гуноҳларини бўйнига олдирган. Ўшанда тўрт йигитнинг умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинишига мана шу Норшодиев бошлиқ гуруҳ сабаб бўлган эди. “Эзгулик” жамиияти бу қонунбузарликлар бўйича турли идораларга шикоятлар ёзган ва ҳозир бу ҳолатлар ўрганилаяпти, деди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бу тергов гуруҳи ўзига хос бир жиноний ҳалқа ясаб, жиноят ишларини сохталаштириш ва қийноқлар билан айбловларни тан олдиришни йўлга қўйган.

Ўткир Норшодиев бошлиқ тергов гуруҳидан жабр кўрганлар ишлари билан мукаммал танишган ва бу ҳақда Ўзбекистон президенти, Олий Мажлис¸ Бош прокуратура ва бошқа идораларга очиқ хат ёзган «Pegas-media-press» жамияти раҳбари, ёзувчи Ҳамроқул Асқарнинг Озодликка айтишича, самарқандликлар бу тергов гуруҳининг вақтинча сақлаш изоляторини “концлагер” деб аташган:

- Мен тўрт киши умрбод қамоқ жазоси олган йигитларнинг тўққиз томлик жиноят иши билан батафсил танишиб чиқдим. Булар жуда кўп одамни гумондор сифатида ҳибсга олишган. Биласизми, 15 га яқин одам қийноқлар натижасида “мен ўлдирдим шу одамни” деб кўрсатма берган. Самарқанднинг Сельский деган жойидаги тергов изоляторида булар қийноққа солинган. Халқ бу жойни “концлагер” деб атар экан. Самарқандликлар ҳозир МХХга раҳмат дейишаётган экан, дейди ёзувчи.

Ҳамроқул Асқар президентга ёзган очиқ хатида Ўткир Норшодиев гуруҳи тергов қилган жиноят ишларидан бирида қандай қийноқлар қўлланилгани ҳақида гумонланувчи А.Агановнинг шундай баённомасини келтирган:

“Менга қўйилган айбловни мутлақа тан олмайман! Мени Самарқанд қишлоғи ВСҲда калтаклашгач., қанча вақт ҳушсиз ётганимни билмайман, яна ўшалар скамейкага кишан билан боғлаб калтаклашиб, сўнгра столга ётқизган ҳолда  бири кўкрагимга сим тиқиб электр токи билан, иккинчиси дубинка билан оёғимга уриб: - қотиллигинг исбот бўлмаса, барибир наркотик билан қамаласан., деб қийноққа солишди. Шунда мени қўлга олиб, сўнгра қотилликда айблаш учун бирга тушликка борганимизда наркотикни сигарет қутисига  Алишер(терговчи) солиб қўйганлигини  тушундим”, дейилади гумонланувчилардан бири А. Агановнинг баённомасида.

Ўзбекистонда биометрик паспорт олиш учун қанча вақт керак?

Ўзбекистонда янги биометрик паспортларни жорий қилиш жараёни авж палласига кирган.
Одатда 9 кунда бериладиган паспорт сунъий талабнинг орттирилиши ва ресурсларнинг етишмаслиги натижасида камида бир ой деганда берилмоқда.
МДҲ давлатларининг бирида ишловчи ўзбекистонлик журналист бизга паспорт алмаштириш давомида ўз бошидан кечирганлари ва кузатганларини ҳикоя қилади.
Паспорт алмаштириш истагим борлигини эшитган танишим, "ҳа, роса вақтида келдинг, бизнинг қишлоқларда одамларни тўп-тўп қилиб, автобусга солиб, паспорт алмаштириш учун туман марказига олиб бораяпти", деди.
Май ойида вилоятлардаги туман паспорт столларида навбатлар узундан-узоқ эди. Паспорт стол ходимлари тонгдан кечгача ушбу одамларнинг бармоқ изларию, суратини олишни эплолмай қолган вақт.
Ўзбекистонда биометрик паспорт олишнинг биринчи босқичи 2011 йили бошланди. Бу босқичда асосан хорижга чиқувчилар паспорт олишди. Ўша вақтлар навбатлар унча катта эмасди ва 9 кунда янги паспортни олиш мумкин эди.
2013 йилнинг март ойидан биометрик паспорт ҳаммага берила бошланди.
Аввалига янги паспортни олишга қизиқиш унча бўлмади. Аммо маҳалладан тортиб ишхонагача янги паспортни талаб қилиш бошланган кейин ҳамма ёппасига паспорт алмаштиришга тушиб кетди.
Ҳаттоки, биометрик паспорти бўлмаган абитуриентларнинг ҳужжати ўқишга қабул қилинмайди, деган гаплар ҳам чиқарилди.
Паспорт столларида киритилган янги иш тартиби - эрталабки соат 8:00 дан тунги 22:00 гача тинимсиз ишлаш ҳам бундай оқимни бажаролмай қолди. Бир, икки кун аввал навбат олишлар одатий ҳолга айланди.
Четда ишлаб юрган миллионларнинг бири сифатида таътилга боришдан илк мақсад паспортни алмаштириш ва чиқиш визасини олиш эди.
Яхши ният ярим давлат деганларидек - режанинг ярми бир ой деганда зўрға амалга ошди.
Паспорт столдаги турнақатор навбатлар ҳақида эшитганим учун ва ҳар сафар дуч келганим туфайли ўзимни руҳан шу нарсага аввалдан тайёрлаб бордим. Аммо тушдан кейинги соат 17:00 атрофида идорада 5-6 кишидан бошқа ҳеч ким навбатда йўқ эди.
Май ойининг охирига келиб энди ташкилотлар янги паспорт олишни талаб қилишни озгина сусайтирганди. Сабаби одам кўплигидан паспорт тайёрлаш муддати чўзилиб кетди ва ажратилган персонал бундай кўламни уддалолмай қолди.
Паспортингиз билан иккинчи қаватга чиқасиз. У ерда қизлар сизга паспорт алмаштириш учун белгиланган аризани 2 минг сўмга тўлдириб беради ва рақам олиш учун пастга тушасиз.
Рақамни олгач давлат божини тўлаш учун паспорт столи биноси олдида махсус очилган кассага борасиз. Давлат божи- 40 минг сўмни тўлайсиз ва кассир аёл ҳам квитанцияни тўлдириб бергани учун учун сиздан қўшимча 500 сўм сўрайди.
Навбатингиз келиши билан паспорт алмаштириш учун махсус ишга олинган ходим сизни суратга ва бармоқ изларини олиш ускунасига таклиф қилади.
5-6 дақиқа давом этган жараёндан сўнг, 20 кундан кейин келишни сўрашади.
-Тезлатишнинг имкони йўқми, ҳали чиқиш визаси ҳам олишим керак эди, деган саволга, "бу бизга боғлиқ эмас", деган жавоб оласиз.
Паспорт столдаги ходим сизнинг телефон рақамингизни ҳам ёзиб олади. Аммо нима мақсадда олгани номаълум. Чунки паспорт тайёр бўлса ҳам бўлмаса ҳам сизга ҳеч ким телефон қилмайди.
Айтилган муддатга келдим. Аммо паспорт ҳали тайёр эмас.
- Мана сиздан олдин топширганлар ҳали ҳам олгани йўқ. Биз 600 талаб паспорт топшираяпмиз, аммо 100 та тайёрлаб беришга улгуришаяпти. Яна 10 кундан кейин келинг, дейди паспорт стол раҳбари.
Бир ой деганда паспорт чиқди. Аммо паспорт ичида берилган муддати 10 кун олдинни кўрсатиб турарди. Ходим 500 сўм ташлаб кетишни сўрайди.
Ўзбекистонда биометрик паспортга тўлиқ ўтиш 2015 йилнинг декабр ойигача деб белгиланган. Аммо жойларда юқоридан келган буйруқ асосида одамларни тўп -тўп паспорт столига ҳайдаш кузатилмоқда.

Manba:http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/07/130704_uzbek_biometric_passport.shtml

РАМАЗОН ТАҚВИМИ (Андижон)


РАМАЗОН ТАҚВИМИ




Шаҳарни танланг: Андижон




КунОй куниХафта куниСахарликИфторлик
109Сешанба3:1319:48
210Чоршанба3:1419:48
311Пайшанба3:1519:47
412Жума3:1619:47
513Шанба3:1619:46
614Якшанба3:1719:46
715Душанба3:1819:45
816Сешанба3:1919:45
917Чоршанба3:1919:44
1018Пайшанба3:2019:43
1119Жума3:2119:43
1220Шанба3:2219:42
1321Якшанба3:2319:41
1422Душанба3:2419:40
1523Сешанба3:2519:39
1624Чоршанба3:2619:39
1725Пайшанба3:2619:38
1826Жума3:2719:37
1927Шанба3:2819:36
2028Якшанба3:2919:35
2129Душанба3:3019:34
2230Сешанба3:3119:33
2331Чоршанба3:3219:32
2401Пайшанба3:3319:31
2502Жума3:3419:30
2603Шанба3:3519:28
2704Якшанба3:3619:27
2805Душанба3:3719:26
2906Сешанба3:3819:25
3007Чоршанба3:3919:24

Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳужжатларни онлайн тарзда қабул қилмоқда

 MDIS

Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти (MDIS) 2013-2014 ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилишни бошлади.


Ҳужжатларни қабул қилиш ишлари 31 июлга қадар давом этади. Айтиш жоизки, ҳужжатларни қабул қилиш тартиби 2013-2014 ўқув йиллари учун мутлақо ноодатий тарзда йўлга қўйилган бўлиб, онлайн тарзда амалга оширилмоқда.


Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида Франция, Буюк Британия ва Австралиянинг жаҳонда тан олинган Bradford, Wales, Southern Cross  каби нуфузли университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ушбу олий таълим масканида тадбиркорлик ва менежмент, бизнес ва маркетинг, банк иши ва молия, бизнес соҳасида замонавий ахборот технологиялари, саноат менежменти ва меҳмонхона бошқаруви йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланади.

Manba: www.darakchi.uz

Миллий авиакомпания янги Boeing-767 самолётига эга бўлди

 Boeing

3 июл куни “Тошкент” халқаро аэропортига янги Boeing-767-300ER самолёти қўнди.


Ҳаво кемаларини ишлаб чиқарувчи дунёдаги етакчи компаниянинг навбатдаги лайнери Ўзбекистон ҳаво флоти кунига муносиб совға бўлди, деб хабар беради «Туркистон-пресс»агентлиги.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК илк Boeing-767 самолётларини 1996 йилнинг 30 ноябридан ишлата бошлаган. Айнан шу кундан миллий авиаташувчи тарихида узоқ магистралли самолётлар даври бошланган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" компаниясининг халқаро йўналишларда 9000 кмгача бўлган узоқ магистралли масофаларда Boeing-767 самолётларидаги 17 йиллик омадли парвозлар ушбу ҳаво кемаларидан фойдаланишнинг энг мақбул йўли бўлди.

 

Янги, тўртинчи лайнернинг олиниши Boeing компанияси билан имзоланган тўртта B-767-300ER ва иккита B-787 Dreamliner ҳаво кемаларини ҳарид қилиш бўйича шартноманинг навбатдаги босқичи бўлди.

МАК маълумотларига кўра, Boeing-767 самолётининг сиғими — бизнес-класс салонида 15 ўриндиқ ва экономклассда 232 тани ташкил қилади. Самолётнинг кўтарилиш вазни 186 тонна, қўниш оғирлиги 145 тонна, максимал юкланиши 38 тонна, ёқилғи сиғими 74 тоннани ташкил этади. Авиалайнернинг крейсер тезлиги соатига 900 км, парвоз баландлиги эса 13 минг метргача етади.

Boeing мутахассисларининг айтишларича, мазкур самолётлар янги ва янада шинам йўловчи салони интерьери, камҳаржлиги ва технологик инновациялари билан ажралиб туради.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиапаркини модернизация қилиш компания фаолиятидаги асосий йўналишлардан бири ҳисобланади.

Рамазон ойида 1183 нафар юртдошимиз Умра сафарига боради

 kaba 

Жорий йилнинг 18 июль кунидан 10 август кунига қадар Умра сафарининг иккинчи босқичи ташкил этилади. Унда 1183 нафар фуқароларни Рамазон ойида (Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича 7 та рейс) зиёратларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.


Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати хабар бермоқда. Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида “Мавадда Нур” ва Макка шаҳрида “Бишора Мавадда” меҳмонхоналарига жойлашадилар.

Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кечаю 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганларидан сўнг, Макка шаҳрида ўз ибодатларини давом эттирадилар. Зиёратчиларимизга Рамазон умра мавсумида ўзбекистонлик 2 та ишчи гуруҳ, 6 нафар шифокор ва 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатади. 


Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчилар ибодати, овқатланиши (сахарлик ва ифторлик), тиббий хизматни юқори даражада ташкил этиш бўйича барча шароитлар яратилган. 


Шу билан бирга, сафар мобайнида фуқароларимиз Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий жойларни зиёрат қилишга муяссар бўладилар.    


Зиёратчиларни Жидда аэропортида кутиб олиш, кузатиш ва уларга шароит яратиш масалалари Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган Ҳаж ва умра масалалари бўйича атташе бошчилигида амалга оширилади.

 

Manba: www.darakchi.uz