понедельник, 12 января 2015 г.

Самандар Қўқонов озод этилсин!

pet1992 йил июнь ойида Ўзбекистонда ҳукумат томонидан “Эрк” Демократик партиясининг аъзоси,Ўзбекистон Парламентининг собиқ депутати, Парламент раисининг ўринбосари Самандар Қўқонов қамоққа олинди.

Бир йил давомида судсиз ва терговсиз МХХ (собиқ КГБ) ертўласида сақланди, ундан кейин эса 1993 йили “Эрк” партиясини молиялаштирганликда айбланиб йигирма йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинди.
Ҳозирги кунгача Самандар Қўқоновнинг қаердалиги номаълум. Мавжуд тузум буни яқинларидан ҳам яширмоқда, уларга ҳеч қандай хабар бермаяпти. Кўришиш учун умуман рухсат йўқ!
Самандар Қўқоновнинг соғлиги ҳақида умуман маълумот йўқ, С.Қўқонов 2012 йили озодликка чиқиши керак эди, аммо бизга етиб келган маълумотларга қараганда қамоқ муддатини яна уч йилга узайтириб қўйишибди.
С.Қўқоновга қўйилган айблар сохталаштирилган, сабаби С.Қўқонов Ўзбекистондаги кам сонли ҳалол, адолатли сиёсатчилардан бири эди.Ҳеч кимга сир эмас-ки, Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар давомли тарзда қўлланилади. Шу сабабли С.Қўқоновнинг соғлигига жиддий зарар етган бўлиши мумкин.
Узоқ йиллардан буён у кишининг олдига киришга умуман рухсат йўқ, қаерда сақланаётгани эса маълум эмас ! Шу сабабли яқинларида у кишининг тириклигива соғлиги борасида асосли ҳавотилар пайдо бўлмоқда.
С.Қўқонов ҳеч қандай жиноят қилгани йўқ, тергов ва суд жараёнларида ҳам бирорта далил-исбот келтирилмаган.У кишига нисбатан қийноқлар қўлланилгани борасида етарли далиллар бор.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ,АҚШ , ЕИ ва Ўзбекистон ҳукуматларига ва шу давлатлардаги сенатор ва депутатларга мурожаат қилмоқчимиз:
Ўз халқининг фидокор фарзанди Самандар Қўқоновни озодликка чиқишида ёрдамларингизни дариғ тутмайсизлар ва бизнинг мурожаатимизга бефарқ бўлмайсизлар деб умид қиламиз. С.Қўқонов билан алоқани тиклашга ва қаерда сақланаётганини билишга,яқинларини у киши билан учрашишига ёрдам беришларингизни сўраб қоламиз.
Самандар Қўқонов тақдирига берфарқ бўлмасликларингизни умид қилиб қоламиз.
Сизларнинг тушунишларинг ва қўллашларингга умидвормиз дўстлар!
Ҳурмат билан “Қўрқмаймиз” гуруҳи!
 http://www.qorqmaymiz.com/

Россия муҳожирларга жорий қилган янги тартиблар қандай?


2015 йилнинг 1 январидан бошлаб Россия муҳожирларга оид қатор янги тартиб-қоидаларни жорий қилди. Ozodjavobнинг навбатдаги сонида ушбу тартиб-қоидалар ортидан туғилган бир қанча саволларга жавоб излаймиз.

Россия ҳукумати меҳнат муҳожирлари учун киритган тартиб-қоидалардан қуйидаги 5таси энг асосийси ҳисобланади:
1. МДҲ фуқаролари эндиликда Россияга фақат хориж паспорти билан киради.
2. Россияда ишлашни истаган хорижлик янги турдаги патент олиши керак.
3. Янги йилдан бошлаб меҳнат муҳожирлари 3 та имтиҳон топшириши лозим.
4. Меҳнат муҳожирларига тиббий суғурта олиш мажбурияти ҳам юклатилди.
5. Эндиликда қонунни бузган муҳожир 10 йил давомида Россияга киритилмайди.
Озодлик муштарийларидан айнан ушбу 5 та ҳолат бўйича кўплаб саволлар келдики, мутахассислар кўмагида уларга жавоб излаймиз.
Россияга фақат "загранпаспорт" билан кирилади
Янги йилнинг 1 январидан МДҲ давлатлари фуқаролари Россияга фақат хорижий паспорт билан кириши мумкин.
Ўзбекистондан ташқари МДҲдаги деярли барча давлатларда икки паспортлик режим амалда бўлиб, фуқаролар ўз мамлакати ҳудудида ички паспорт билан юради. Чет элга чиқиш учун эса хорижий паспорт олиши лозим бўлади.
Шунинг учун бу мамлакатлар фуқаролари Россияга хорижий паспортлари билан боради.
Ўзбекистонда эса, фуқаронинг биттагина - ички ва айни пайтда хорижий паспорти бор. Бироқ Ўзбекистон виза тартиби бўлган хориж давлатларига чиқаётган фуқаролари учун чиқиш визасини жорий қилган.
Лекин Россия борди-келди тартиби визасиз бўлгани боис ушбу мамлакатга бориш учун ўзбекистонликлар чиқиш визаси олиши шарт бўлмайди.
Москвадаги “Ватандош” Ўзбеклар жамияти раҳбари, юрист Усмон Баратов худди шу ҳолатни тушунтирар экан, бундай деди:
- Ўзбекистоннинг паспорти автоматик "загранпаспорт" ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистон фуқаролари бемалол олдин қанақа кириб юрган бўлса, шундай киришади,- дейди юрист Баратов.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтидаги маълумотга кўра, Божхона иттифоқига аъзо Қозоғистон ва Беларус фуқароларига ҳам ушбу тартиб қўлланилмайди.
Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановскийнинг матбуотга билдиришича, Қирғизистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш ҳаракатлари бораётгани учун қирғизистонликларга ҳам бу тартиб қўлланилмайди. Май ойида Қирғизистоннинг ушбу Иттифоқ аъзосига айланиши кутилмоқда.
Расмий маълумотга кўра, Украинадаги ички сиёсий вазият боис украиналикларнинг ҳам ички паспорт билан Россияга кириш имконияти ҳозирча сақлаб қолинган.
Янги патент тизими ҳақида:
Россия 1 январдан бошлаб меҳнат муҳожирлари учун ишлашга рухсат берувчи патент тизимини жорий қилди. 
Янги тартибга кўра, меҳнат муҳожири Россияда ишлаш учун патентнибир ой муддатга олади ва уни бир йилгача узайтириши мумкин бўлади.
Муҳожир ишлаш учун патентни Россияга кирганидан бошлаб 30 куничида олиши лозим.
Бир йилдан сўнг муҳожир патентни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқига эга. Шундан сўнг у Россияни тарк этиши лозим. Лекин қонунга кўра, муҳожир Россиядан чиққанининг эртасига қайтиб келиш имконига ҳам эга. 
Патент олиш учун меҳнат муҳожири қуйидагиларни: 
судланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома;
яшаш учун турар-жойи борлиги ҳақидаги маълумотнома;
тиббий суғурта полисини
тақдим қилиши лозим.
Янги қонунга кўра, муҳожирга ишлаш учун патент берилмаслиги ёки амалдаги патенти бекор қилиниши ҳам мумкин. 
2014 йилда берилган патентлар ўзининг амал қилиш муддати якунлангунига қадар ўз кучини сақлаб қолади ва уларнинг аванс тўловлари аввалги нархлар асосида патент муҳлати якунига қадар ишлайди. 
2015 йилнинг 1 январидан бошлаб:
Москва шаҳри ва Москва вилояти, Томск вилоятида меҳнат муҳожири патент учун ойига 4 000 рубль,
Санкт-Петербургда – 3 000 рубль,
Севастополь ва Самара вилоятида – 2 500 рубль,
Рязань вилоятида – 2807 рубль қилиб белгиланган.
Россиянинг бошқа вилоятлари бўйича ҳозирча маълумот йўқ.
Рус тилини билмаган муҳожир Россияда ишлай олмайди
1 январдан кучга кирган янги қонунга кўра, Россияда ишламоқчи бўлган муҳожир 3та турдаги:
рус тили,
Россия тарихи
Россия қонунчилиги
бўйича имтиҳон топшириши шарт ҳисобланади.
Патент олиш учун муҳожир Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича10тадан саволга жавоб бериши лозим.
Доимий яшаш рухсатномаси (Вид на жительство) олмоқчи бўлган муҳожир эса 20тадан саволга жавоб беришига тўғри келади.
ФМС ходимларига кўра, 3та имтиҳон учун 2,5 соат вақт ажратилганбўлиб, меҳнат муҳожири ҳар 10та саволдан 5тасига тўғри жавоб бериши етарли ҳисобланади. 
Имтиҳон муҳожир ишлаётган ташкилотнинг ўзида ҳам топширилиши мумкин. Бунинг учун махсус мутахассислардан иборат мобил гуруҳ муҳожирларнинг иш жойига боради. Лекин бу муҳожирлар сони 25 одамдан кам бўлмаган ташкилотлардагина амалга оширилади. Иш берувчи муҳожирлар имтиҳони учун олдиндан буюртма бериши лозим бўлади.
Муҳожир имтиҳондан ўтгани ҳақидаги махсус сертификатга эга бўлсагина Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини олиши мумкин. Ушбу сертификат беш йил давомида ҳақиқий ҳисобланади.
Ҳар бир имтиҳондан ўтиш учун 5000 рубль тўлаш лозим бўлади. Имтиҳондан ўта олмаган муҳожир уни қайта топшириши мумкин. Айни пайтда Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар имтиҳондан ўтиш учунпора таклиф қилиниши мумкинлигини ҳам айтишмоқда.
Юқори малакали мутахасислар, 18 ёшга тўлмаган болалар ва Ватандошлар дастури (ўзи ёки ота-боболари аввал Россия ёки СССР фуқаролари бўлганлар) бўйича келганлар ушбу учта имтиҳонни топширишдан озод қилинганлар.

Тиббий суғурта мажбурияти
Эндиликда Россияда ишламоқчи бўлган муҳожир тиббий суғурта полисига эга бўлиши лозим. Акс ҳолда унга ишлаш учун патент берилмаслиги мумкин.
Агар иш берувчи муҳожирга тиббий кўмак кўрсатишни ўз зиммасига олган бўлса, муҳожирдан тиббий суғурта полиси талаб қилинмайди.
Иш берувчи агар меҳнат муҳожирининг тиббий суғуртаси муддати ўтган тақдирда уни ишдан ҳайдаш ҳуқуқига эга.
Тиббий суғурта полисининг энг арзон пакети 10 минг рублни ташкил қилади. 

Депорт бўлган муҳожир Россияга 10 йил киритилмайди
Президент Владимир Путин 31 декабрь куни имзолаган янги қонунга кўра, миграция қонунчилигини бузган муҳожирнинг Россияга 10 йилдавомида кириши тақиқланди.
Ушбу қонунга кўра, агар муҳожир Россияда бўлиш муддати тугагач, ноқонуний равишда 270 кундан ортиқ қолган бўлса, унга 10 йиллик тақиқ қўлланилади.
Агар муҳожир 180 кундан 270 кунгача Россия ҳудудида ноқонуний юрган бўлса, унинг 5 йил давомида ушбу мамлакатга кириши тақиқланади.
Федерал Миграция хизмати маълумотига кўра, сўнгги икки йил давомида 1 миллион 200 минг муҳожирнинг Россияга кириши тақиқланган.

Бекободлик Зоҳиржон милиционерлар томонидан калтакланганини айтмоқда

Бекободга бозорлик қилиш учун борган Зоҳир Худойқулов деҳқон бозорида маҳсулотлари мусодара қилинган аёлларга юқори органларга шикоят ёзишни тавсия қилгани учун участковой томонидан бир неча соат давомида калтакланганини иддао қилмоқда.
Бекобод туманидаги Тақачи қишлоғида истиқомат қилувчи Зоҳир Худойқуловнинг Озодлик радиосига билдиришича, у 8 январь куни Бекобод деҳқон бозорига бозорлик қилиш учун борган. У ерда Зоҳир Худойқулов милиция ходимлари айрим савдогар аёллар сотаётган озиқ-овқат маҳсулотлари мусодара қилинаётгани устидан чиққан. Суҳбатдошимиз милиция ходимларининг ўзаро гапларидан маҳсулотлар қариялар уйи фойдасига мусодара қилинаётганини англаган. Бир оздан сўнг Худойқулов бозордаги милиция участкаси олдида ўнга яқин аёллар тўпланиб турганини кўрган. У аёллардан нега бу ерда турганларини сўраганида, савдогар аёллар унга маҳсулотлари мусодара қилинаётганини айтган. Шундан сўнг Зоҳир Худойқулов савдогар аёлларга “агар маҳсулотингиз ноқонуний мусодара қилинган бўлса, бу ерда туриш ўрнига юқори органларга шикоят ёзинг”, деб маслаҳат берган. Мана шу гапдан сўнг уни милиция ходимлари қўлга олиб, бир неча соат давомида қаттиқ калтаклаган.
-Мен аёлларга ҳақ бўлсаларинг шикоят қилинглар, дедим. Шу гапни айтдиму кетдим. Бир вақт помидор олаётсам уч-тўртта милиционер келиб: “Участкага юринг, ўша ерда гаплашамиз”, деб куч билан олиб кетди. Участкада участковой “Сени 15 суткага жўнатаман”, деб дўқ қилди. “Сенга қонун керакми, ҳозир сенга қонунни кўрсатаман”, деб қўл остидаги милиционерларга “Бу бизнинг ишимизга тўсқинлик қилди, деган протокол ёзишасан”, деб буйруқ берди, -деди Зоҳир Ҳудойқулов.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, шундан сўнг уни туман милиция бўлимига олиб боришган.
-Соат 12.30лар атрофида милиция бўлимига олиб кириб кетишди. Бу ерда мени соат учларгача дўппослаб калтаклашди, -деди Зоҳир Худойқулов.
Тошкентлик ҳуқу фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, милиция ходимлари калтакларидан ички аъзолари қаттиқ лат еган Зоҳир Худойқулов тумандаги касалхоналардан бирига мурожаат қилган, лекин шифокорларга уни милиция ходимлари калтаклаганини айтмаган.
-УЗИда текширганларида унинг буйрагида жиддий ўзгаришлар бўлгани аниқланган. Истима чиқа бошлаган. У касалхонага келганидан озроқ вақт ўтиб, милициянинг жиноят қидирув бўлими ходимлари касалхонага келиб, шифокорлардан Худойқуловни касалхонадан чиқаришни талаб қилган. Хуллас у ерда ҳам бир –икки соат жанжал бўлган, -деди ҳуқуқ фаоли.
Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, айни пайтда Зоҳир Худойқулов Тошкентдаги касалхоналардан бирида даволанмоқда. Унинг иши бўйича маълумотлар Ўзбекистон Бош прокуратурасига жўнатилган.
Мазкур мақола тайёрланаётган пайтда Ўзбекистоннинг Сўх экславидаги мактаблардан бирининг директори Озодлик мухбирига сим қоқди. Ўзини Садриддин деб таништирган мактаб директорининг айтишича, Сўх туманидаги қишлоқлардан бирида ҳам худди шунга ўхшаш воқеа содир бўлган. Суҳбатдошимизнинг айтишича, Сўх тумани Шарқобод қишлоғи участковойи маҳаллий мактаб директорини гап қайтаргани учун 15 суткага қамаб қўйган.
-Бизда Шарқобод деган қишлоқ бор. Мана шу қишлоқдаги мактабнинг директори Жума Жамол деган шоир, ёзувчи одам эди. Авваллари туман газетасида журналист бўлиб ишлаган, Сўхда обрўси жуда катта одам. Билмадик, участкавой милиционернинг унда бир адовати борми, гап қайтаргани учун 15 суткага қамаб қўйибди. Ахир бу туманда таниқли бўлган зиёли, шоир одамга нисбатан хурматсизлик-ку, -деди суҳбатдош.
Озодлик мухбири воқеа тафсилотларини ўрганиш учун Сўх тумани расмийларига мурожаат қилди. Бироқ расмийлар мажлисларда банд эканликларини айтишиб, бу воқеа юзасидан изоҳ беришни истамади.
Хабар, фото ва видеоларни ОЗОДЛИКка +420 724 971 539 WhatsApp ва Telegram орқали юборинг!

Сурхоннинг бир қишлоғидан тўрт йигит Сурияга жиҳодга кетган

Озодликка мурожаат қилган сурхонлик йигит (ўз исми очиқланмаслигини истаган бу йигитни шартли Жасур деб атадик – таҳр.) жиҳодчиликка кетган йигитлардан иккитасини яхши танишини айтади.
Суҳбатдошга кўра¸ Деновдаги Агросаноат касб-ҳунар коллежини битирган 22 яшар йигитлар 2011-2012 йиллар давомида кетма-кет Россиянинг Владивосток ўлкасига иш излаб кетган.
Деновнинг бир маҳалласи – Тинчлик қишлоғи (Амир Темур сувдан фойдаланиш уюшмаси) дан бўлган йигитлар Владивостокка келиб қурилишда¸ сўнгра шакар қадоқлаш заводида ишлаган.
2014 ëзида Владивостокда ишлаб¸ Ўзбекистонга қайтиб борган камида етти нафар деновлик йигит диний экстремистик гуруҳларга қўшилганлик айби билан қўлга олинганидан кейин¸ Россияда қолган уларнинг танишлари уйга қайтмасликка қарор қилган ва Владивостокдан Сурияга жўнаб кетган.
Аввалига оиласи Россияда бедарак йўқолди¸ деган хавотир билан қидиришни бошлаган бу йигитлар¸ Одноклассники ижтимоий тармоғига бошқа ном билан чиқиб¸ ўзларининг Сурияда жиҳодда эканлари ҳақида хабар берган.
Озодлик билан суҳбатда Денов туман расмий тизимларида ишловчи масъул¸ Тинчлик қишлоғидан икки эмас¸ тўрт йигитнинг ҳозирда Сурияда жиҳодчилик қилиб юргани аниқланганини билдирди:
- Бу йигитларнинг ҳаммаси Владивостокдаги шакар заводида ишлаган. Уйида намозни ҳам тузук-қуруқ ўқимаган бу йигитлар Интернет орқали ҳар хил оқимлар таъсирига тушган. Шундан кейин ўтган йилнинг июль-сентябрь ойларида Сурияга кетиб қолган. Уларнинг ота-онаси ҳозир йиғлаб ўтирибди нима қилишини билмай. Жиҳодга кетганини айтгандан кейин бу болалар телефон ҳам қилмай қўйган¸ дейди маҳаллий расмий Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
Туман расмийларига кўра¸ ҳозирда ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда ва жиҳодчиликка кетган йигитларнинг ота-оналари тегишли тизимлар билан кўнгилли тарзда ҳамкорлик қилмоқда.
Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Владивостокдаги ўзбеклар жамоаси фаолларидан бири¸ ўзбекистонлик¸ хусусан¸ сурхонлик йигитларнинг бу ердан жиҳодга кетиш жараëнидан бехабарлигини билдирди.
Ўзининг маҳаллий полиция¸ шунингдек мусулмонлар жамоаси йиғинларида мунтазам қатнашишини билдирган бу суҳбатдошга кўра¸ ҳозирча на маҳаллий хавфсизлик тизимлари ва на маҳаллий матбуот ўзбекистонлик муҳожир йигитларнинг Владивостокдан Суриядаги жиҳодчилар сафига кетаëтгани масаласини кўтармаган.
Айни пайтда¸ Тинчлик қишлоғи¸ қолаверса Денов ва Сурхондарëнинг бошқа туманларида маҳалла фаоллари¸ участка нозирлари йиғинлар ўтказиб¸ уйма-уй юриб¸ ота-оналарни Россиядаги фарзандларини уйига қайтаришга даъват қилмоқда:
- Маҳалла фаоллари¸ участковойларимиз тинимсиз уйма-уй юришади. Ким Россияда юрибди¸ нима қилиб юрибди¸ ким Россиядан келди¸ деб сўраб юришади. Дўхтирлар ҳам Россиядан келганлар борми¸ деб текширади. Келганлар қон топшириб¸ текширишдан ўтиши керак¸ дейишади. Бизда тартиб яхши¸ дейди Деновдаги маҳаллалардан бирида яшовчи аëл.
Жиҳодчиликка кетган деновлик йигитларни таниган Жасур¸ ўз танишларини Сурияга кетишга ундаган омил пулдан кўра¸ уларнинг радикал тарғиботчилар таъсирида “психологик синиш”и эканини тахмин қилади:
- Мен уларнинг Владивостокда ким билан ош-қатиқ бўлганини аниқ билмайман. Лекин сабаб иқтисодий бўлмаса керак¸ деб ўйлаяпман. Чунки ўзига яхши оилалардан эди. Психологик синган бўлса керак бу болалар¸ дейди деновлик жиҳодчиларнинг таниши.
Озодлик суҳбатлашган Денов расмийларидан бири¸ айни кунларда жамоатчилик Сурияга кетганларни нима қилишини билмай¸ боши қотганини эътироф этади.
- Кетганлар асосан Россиядан кетаяпти. Шунга йигитларнинг ота-оналарига уларни уйга қайтариш ҳақида маслаҳат бераяпмиз. Қайтганларни иш билан таъминлаш устида ишлаяпмиз. Яқинда ëғ заводи очмоқчимиз¸ бошқа планлар ҳам бор¸ дейди деновлик расмий.
Ўзбекистонликларнинг халқаро майдонда террорчи гуруҳ деб эълон қилинган Исломий давлат сафига қўшилаëтгани хусусида хавотир билдирган Ислом Каримов¸ 2014 йилнинг 31 август куни диндорлар билан суҳбатида бу муаммога қандай барҳам бериш юзасидан маслаҳатлашиб олишни таклиф қилган ва уламолардан ëшларни бу йўлдан қайтаришни сўраган эди:
- Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?!. Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қилаяпти?! Шиа бўладими, сунна бўладими, бошқаси бўладими - ҳаммаси Маккаю Мадинани ягона марказимиз, ўзимиз эътиқод қиладиган жой, деб ҳисоблаймиз, тўғрими? Улар бўлса, Маккаю Мадинани писанд қилмаса, ҳеч ақлга сиғмайдиган ташвиқотларни ташкил қилса, мусулмонларни дунёси, олами нима бўлади?! Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?!
Биз ёшларга қандай тушунтириб беришимиз керак, бу бало қаердан пайдо бўлдию кимга қандай таъсир ўтказиши мумкин? Буларнинг таъсири кучайиб, кўп мусулмонларни нотўғри йўлларга бошақараяпти-ку! Мусулмонлар идораси имом-хатиблари жойларда, авваломбор ўзи хабардор бўлиши керак ва жойларда тушунтириш ишлари олиб бориши керак. Мен ўйлайманки, балким Самарқандга бориб, Имом Бухорий халқаро мусулмонлар марказида мажлис ўтказиб, дунёда бўладиган ишлар ҳақида маслаҳатлашиб олиш керак. Эътибор беринг, маслаҳатлашиб, деяпман. Буйруқ деган нарса мусулмонлар оламида бўлмаслиги керак. Буйруқ бу — фатво. Ҳар қандай мажлисда буйруқ бериш нотўғри, деган эди 31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида Тошкентдаги "Шаҳидлар хиёбони"га борган Ислом Каримов уламоларга қарата.
Тахминларга кўра¸ ҳозирда Исломий давлат жиҳодчилари сафида бир неча юздан бир неча мингга қадар ўзбекистонлик ëлланма жангарилар бор.
Ўтган йил Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудини ишғол қилиб¸ бу ерларда исломий халифат эълон қилинганини иддао этган Исломий давлат ўзи мусулмон деб ҳисобламаганларга қарши ялпи террор кампанияси ўтказмоқда.
АҚШ етакчилигида 40 дан ошиқ давлат ҳозирда Исломий давлатга қарши ҳаво ҳужумлари уюштираëтган халқаро коалиция таркибига кирган.
Хабар, фото ва видеоларни ОЗОДЛИКка +420 724 971 539 WhatsApp ва Telegram орқали юборинг!

Ўзбекистонда армияга "минг долларлик" чақирув эълон қилинди

Ўзбекистонда ҳарбий хизмат ёшидаги йигитлар учун хизматга чақирув эълон қилинди. Озодликка сўзлаган муштарийларга кўра, армияга бориш истагида бўлганлар ҳам, қолишни хоҳлаётганлар ҳам ҳарбий мажбурият масаласини ҳал қилиш учун катта миқдорда, баъзи вилоятларда эса 1000 АҚШ долларига қадар пора беришга мажбур қолаётганидан нолимоқда.
Самарқанд вилояти Пайқариқ туманида яшовчи Шодиёр ҳарбий хизмат ёшида ва у бир йиллик ҳарбий хизматга боришни хоҳлаши, лекин имкони йўқлигини айтади.
- Бир йиллик хизмат учун 1000 доллар бериш керак экан, боролмаяпмиз. Танк кучлироқ бўлса, 800 доллар. Шуни бермасангиз, кетолмайсиз. Тумандаги Мудофаа ишлари бўлимига борсангиз, бир ойликка юборади. Пул берганлар бир йилликка олинади, - дейди Шодиёр.
Ишсизлик авж олган Ўзбекистонда сўнгги йилларда бир йиллик ҳарбий хизматга бориш иштиёқи кучайгани кузатилмоқда.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаш учун айнан муддатли ҳарбий хизматни ўташ шартлиги бу қизиқишга сабаб бўлаётгани маълум.
Бундан ташқари, бир йиллик ҳарбий хизматни ўтаб келганлар осонроқ иш топади ва бундан ташқари, ўқишга киришда ҳам имтиёзларга эга бўлишади.
- Ҳарбий хизматга бориб келганлар, келиб льготалар билан ўқишга кириб кетяпти. Ўқишга олиш жараёнида ҳарбий хизматни ўтаганларга устунлик бериляпти. Мана шу ёзда менинг синфдошим ҳарбийдан қайтиб ўқишга кирди. Мен икки йилдан бери киролмаяпман. Армияга кетганларни кўпчилиги бир йиллик хизмат тугаганидан сўнг ўша ерда иш топиб қоляпти. Айримлари милицияга ўтиб кетяпти. Барибир афзалликлари кўп-да. Бизни қишлоқда иш йўқ бўлса. Шунинг учун Армияга талабгорлар кўпайган-да, - дейди Шодиёр.
Шаҳарликлар орасида эса армияда хизмат қилишни хоҳловчилар кам. Тошкенлик Умид шуларнинг бири.
- У ерда аҳвол мен хоҳлагандай эмас. Буни хизмат қилиб келганлардан эшитганман. Овқатланишдан тортиб, яшаш шароитлари ҳам жуда ёмон. Бир йил беҳуда ўтиб кетади. Ундан кўра яхшироқ репетитор олиб, ўқишга тайёрланганим маъқул, - дейди Умид.
Шаҳарларда эса аксинча, ҳарбий хизматга қизиқиш кам. Ота-оналар фарзандларини армиядан олиб қолишга ҳаракат қилади.
Сафарбарлик чақирув резервида хизмат ўтовчи йигитлар давлат ҳисобига энг кам иш ҳақининг 25 баробари ( 2 миллион сўмга яқинроқ) миқдорида ҳақ тўлаш лозим бўлади. Ҳақ тўлангач, бир ой хизмат қилиб, ҳарбий гувоҳнома олиш мумкин.
- Кўпчилик пул бериб бўлса ҳам шу бир ойликка бормасдан гувоҳнома олишга ҳаракат қилади. Бойроқ одам бўлса, боласини у ерга юбормайди. Чунки, шароити ёмон, тонг саҳар турғизиб югуртиради, ишлатади. Шунинг учун пул бериб қолдиради, - дейди тошкенлик Манзура опа.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидагилар йигитларни армияга олиш жараёнига пора аралашгани ҳақидаги иддаоларни рад этишади.
- Ҳеч қанақа пул бериш йўқ. Армияга боришни хоҳлаган 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган ҳар бир йигит рўйхатдан ўтган жойидаги Мудофаа ишлари бўлимига паспорти билан келиб мурожаат этиши ва тиббий кўрикдан ўтиши керак. Агар тиббий кўрик натижалари яхши бўлса, олинади. Медкомиссия аниқлайди, ҳарбий хизматга лаёқатли бўлса олинади, - деди Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Озодлик боғланган ходими.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига кўра, ҳозирда Ўзбекистон қуролли кучлари сафида 50 мингга яқин аскар-зобит хизмат қилади.
Ўзбекистон президентининг 5 январь кунгаи фармонига мувофиқ чақирув ёшидаги фуқароларни жорий йилнинг феврал ва март ойларида муддатли ҳарбий хизматга жалб этилади.
Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган фуқаролар эса март-апрел ойларида уйига қайтади.

Хабар, фото ва видеоларни ОЗОДЛИКка +420 724 971 539 WhatsApp ва Telegram орқали юборинг!

Пахта режасини бажара олмаган самарқандлик фермер ўзини осди


Cамарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пахтакор жамоа хўжалигида фермерлик билан шуғулланган 40 яшар Дилшод Муродиллаев янги йил арафасида ўзини осиб ўлдирди. Озодлик манбаларига кўра, пахта режасини бажара олмагани ортидан катта миқдорда қарзга ботган Муродиллаев маҳаллий мулозимлар босимидан безгач ўз жонига қасд қилган.


Воқеа 29 декабрь куни Дилшод Муродиллаевнинг Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пахтакор жамоа хўжалиги Арабхона қишлоғидаги уйида содир бўлган. Бу ҳақда воқеадан хабардор манба Озодликка 6 январь куни маълум қилди:
"Дилшод 29 декабрда кечқурин уйида ўзини осган. Эртасига унинг дафн маросими бўлди. Дилшод ўзи кейинги 10-15 кундан бери ҳокимиятдаги мажлисларда ҳам қатнашмай қўйганди. Ҳеч кимга озори йўқ, яхши йигит эди. Оиласи ҳам яхши эди. Болалари етим қолди", деди воқеадан хабардор манба.
Каттақўрғон туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, 1974 йилда туғилган Дилшод Муродиллаев ўтган йилнинг апрель ойида фермерлик фаолиятини бошлаган.
У Арабхона қишлоғининг дашт ҳудудида 110 гектар майдонда "Дилшод Муродиллаев" фермер хўжалигини ташкил қилиб, ғалла ва пахта етиштириш билан шуғулланган.
Муродиллаевни танийдиган манбалардан бирига кўра, Дилшод фермерлик фаолиятининг биринчи йилидаёқ омадсизликка учраган:
"Дилшоднинг иши юришмади. Буғдойи ҳам яхши бўлмади, натижада ғалла режаси ҳам ўлда-жўлда бўлди. Пахтасининг ҳосили умуман бўлмади. Биринчи йил бўлганига уддалай олмадими ёки бошқа бирор сабаби бўлдими, ишқилиб бултурги йил Дилшод учун омадсиз бўлди. Пахта ҳосилини ҳатто 40 фоизга ҳам етказа олмади. Ҳокимиятдаги мажлисларда ҳам бунинг учун анча-бунча гап эшитди", деди Муродиллаевни танийдиган манбалардан бири.
Муродиллаев ўлими билан боғлиқ тафсилотлардан хабардор бошқа бир манбага кўра, Дилшод пахта режасини бажара олмагани учун маҳаллий мулозимларнинг тазйиқига учраган:
"Унинг фермер хўжалиги жами 90 миллион сўм қарз бўлган. Ҳокимиятдагилар ундан ерни олиб бошқа фермерга беришмоқчи бўлган. Лекин у фермер "Аввал 90 миллион сўм қарзини тўласин, кейин ерни оламан" деган. Дилшоддан фермер хўжалигининг қарзини тўлашни талаб қилишган. Мол-мулки, қорамолларини фермер хўжалигининг қарзи эвазига олишмоқчи бўлишган. Шундан кейин у чидай олмай, жонига қасд қилган", деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.
Каттақўрғон туман ҳокимлиги расмийлари эса Дилшод Муродиллаевнинг ўлимини унинг фермерлик фаолияти билан боғламасликни сўрашди:
"Пахта режасини бажармаган битта у эмас-ку. Унда бошқа фермерлар ҳам ўзини осиши керакдир. Дилшод Муродиллаевнинг ўзи вос-вос касалига учраган. Шунинг учун ўз жонига қасд қилган", деди Каттақўрғон туман ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз расмийси.
Каттақўрғон туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Муродиллаев ўлими бўйича ҳеч қандай жиноий иш очилмаган.
Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг тазйиғидан қўрқиб ўз жонига қасд қилаётган фермерлар тўғрисида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар қилган.
Жумладан, ўтган йилнинг 17 октябрь куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осган эди.
22 июнь куни эса Наманган вилояти, Чуст тумани, Баймоқ қишлоғилик 44 яшар фермер Қурбонтой Усмонов дала шийпонида ўз жонига қасд қилди. Усмонов фермер хўжалиги билан боғлиқ муаммолар боис ўзни осгани айтилди.
2013 йилнинг ноябрида Сирдарёнинг Боёвут туманида яшаган 54 яшар фермер Неъмат Сулаймонов ўзини осган, ҳуқуқ фаолларига кўра, бу фермер ҳам маҳаллий ҳокимлик вакилларининг босимига чидай олмай ўз жонига қасд қилган. 
2013 йилнинг августида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов ҳам туман ҳокими томонидан хўрланиб, калтаклангач, уйига келиб ўз жонига қасд қилган.
Хабар, фото ва видеоларни ОЗОДЛИКка +420 724 971 539 WhatsApp ва Telegram орқали юборинг!

2014 йил орамиздан кетганлар: Ойдин Солиҳ

2014 йил ноябрида муқобил тиббиёт тарғиботчиси ва амалиётчиси Ойдин Солиҳ ҳаётдан кўз юмди.
Ойдин Солиҳ умрининг катта қисмини инсонлар ва ҳайвонларда юзага келадиган хасталиклар сабабларини ўрганишга бағишлаганди.
Унинг "Ҳақиқий тиббиёт - йўқотилган шифо изидан" деб номланган китоби 2008 йил Туркияда илк бор нашр қилинган. Китоб нафақат Туркия, бошқа кўплаб мамлакатларда машҳур бўлганди.
Ойдин Солиҳ Истанбулдаги Табиий Шифо институти асосчиси ҳам эди.
Олима ўз китобида инсон саломатлигини Қуръон ва Ҳадисларга асосланган ҳолда яхшилаши, турли касалликлар, жумладан, саратондан ҳам табиий воситалар ёрдамида сақланиш йўлларини баён қилади.
Шу билан бирга, у ўз китобида замонавий тиббда сўнгги йилларда пайдо янги тенденциялар ҳақида сўз юритади.
Би-би-си меҳмони сифатида ўқувчиларимиз ва муштарийлар саволларига жавоб қайтарган марҳума Солиҳ хоним, бирор бир шифо йўлини тасдиқлайдиган Қуръон ояти ҳадис топмаса, бу шифо усулини қўлламадим, деб айтганди.
Аммо, Ойдин Солиҳ тилга олган мавзулар кенг доирада ва мутахассислар орасида катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлгани аниқ.

Ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ёқубов меҳнат муҳожирлиги, экологик вазият ва болалигидаги Орол ҳақида

Инсон ҳуқуқлари фаоли Ҳайитбой Ёқубов 1956 йил 1 июнда Хоразм вилояти Хива шаҳрида туғилган.
Одесса политехника институтида таҳсил олган.
1978-1996 йилларда алоқа бўлимида муҳандис бўлиб ишлаган.
Ҳайитбой Ёқубов ҳуқуқбонлик фаолиятини собиқ Иттифоқда қайта қуриш, ошкоралик даври деб аталадиган 1986 йилларда бошлаган.
Ҳайитбой Ёқубов Хоразмда 'Бирлик' ҳаракатининг биринчи аъзоларидан ҳисобланади.
Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорликнинг самараси ўлароқ 2002 йилга келиб ўзининг 'Нажот' инсон ҳақлари ташкилотини тузган.
'Нажот' ташкилоти Ўзбекистонда, хусусан Хоразм вилоятида меҳнат муҳожирлиги муаммолари, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ умумий аҳволни мониторинг қилиш билан шуғулланади.
Ҳайитбой Ёқубов оилали, фарзандлари бор.

Ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ёқубов меҳнат муҳожирлиги, экологик вазият ва болалигидаги Орол ҳақида

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?
Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Мамадали Маҳмудов: 'Омонсиз йиллар'

Мамадали Маҳмудов аввалига совет КГБси, кейин эса ўзбек махсус хизматларининг таъқибига учраган
Таниқли адиб Мамадали Маҳмудов ўзининг навбатдаги блогида "Омонсиз йиллар" деб номланган автобиографик эссесидан боблар билан ўртоқлашади.
Ўша-Туркистонни кўз очирмас тўзон қоплаган замонда (1978) мен Русиянинг қонли босқини, аниқроғи, унинг бир зарраси ҳақида роман ("Ўлмас қоялар")ни ёздим. Яратганнинг қўлловими, у "Шарқ юлдузи" журналида (1981) босилди. Менинг фаҳмимча, бу иш журналнинг бош редактори, профессор Ҳафиз Абдусаматовнинг розилиги билан бўлган. Сўнг у дарҳол таътилга чиқиб кетган...
Яна Тангри билгувчи. Аммо кўп ўтмай, журнал (роман босилган сонлар) КГБ томонидан йиғиштириб олинди. "Ўлмас қоялар"ни чоп этишга сабабчи бўлган ёзарлар ишдан четлатилди. Ўшанда мен Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи эдим. Ҳайдалдим. Бу ҳам етмагандай, ўт ичида қолдим.
КГБ босими, Сўроғи, Таъқиби, Ваҳми, Ўлдиришга урунуви... Нима учун? Ўрта Осиёда коммунистик тузум ўрнатилгач, Москва Туркистон тарихини бузиб кўрсата бошлади: Темур қонхўр... Бобур қонхўр... Ойдинлар қораланди: "Босмачилар", "Халқ душманлари". Оқибат улар: Қирилди, Қамалди, Осилди, Отилди, Сургун этилди... Бунга тарих гувоҳ.
1921 йилда "Мустамлака инқилоби"да босилган қуйидаги ёздиқнинг мағзини чақинг: "Мустамлакачиларга ерли халқдан чиққан ҳақиқий раҳбар, ўзлари билан бир сафда турадиган тенг ҳуқуқли ўртоқ керак эмас. Ўрисларга тилмочлар ва ижрочи полислар зарур". Русия ислом динига ҳам тоқат қилмаган. Туркистон элининг буюк курашчиси, ботири Турор Рисқуловнинг 1923 йилда "Янги Туркистон"да чоп этилган мақоласидан бир лавҳа: "Приставларнинг ҳокимлик суришлари шу даражага етдики, улар ҳатто масжидларга қўнғироқ осиш ҳаракатида бўлдилар. Ўзларининг тўраликларини ва ҳукмдорликларини кўрсатмоқ учун, номоз вақтида масжидларга итлар билан кириб келардилар".
Кечмишимизни бузиб кўрсатишга чор Русияси ҳалво экан. Коммунистик тузум бутунлай туҳматга ўтди. Масалан, Русиянинг Ўрта Осиёни чексиз қон тўкиш эвазига босиб олганлигидан шармандаларча тонди: "Туркистон Русияга қўшиб олинган". Бу ёлғондан нафақат Ўрта Осиё ойдинлари, балки дунё, жумладан, Оврўпа билан Америка ҳам ёқа ушлашди. Мен Кремл сўзига қарши чиқдим. Ҳақни ёздим: "Русия Ўрта Осиёни босиб олган".
КГБнинг менга босими борган сари кучайиб борди. Уларнинг аксари мен билан нисбатан нормал муомалада бўлсалар ҳам, ичларида илонлар ўйнарди. Мен буни кўзларининг туб-тубларида деярли сезилмас даражада чўкиб ётган кинни кўриб билганимдан айтаяпман. Кўпинча бир хил савол билан бошимни қотиришарди. Охирида "Тушунтириш хати" ёздириб олишарди. КГБ биносидами? Йўқ. "Махсус ходим"лар мени гоҳ "Россия", гоҳ "Ленинград", гоҳ "Ўзбекистон", гоҳ "Тошкент", гоҳ "Чилонзор" қўниқ (отел)ларидаги "махсус хоналар"га чақирардилар.
Табиийки, кечган савол-жавобларни бу мақолага сиғдиришим қийин. Йўқса, у қайтариқлардан иборат бир китоб бўлади. Шу боис КГБнинг ўрис ходими- Анатолий билан бўлиб ўтган қўнишувга эътиборингизни қаратаман: - Рус халқига муносабатингиз қандай? - Яхши. - Ишонгим келади. - Мен илож-имконим борича ҳақ деб яшайман. - Сира ёлғон сўзламайсизми? - Иложим борича. - Мен аниқликни ёқтираман. - Замон-замонда... - Яъни? - Бу сўздан фойдаланмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Бундан: Сизам айромассиз, Тузумлар ҳам, Сиёсатлар ҳам, Тарихлар ҳам, Адабиётлар ҳам, Ҳукмдорлар ҳам, Даҳолар ҳам, Ҳатто: Элчилар ҳам... - Мунча ишонч билан сўзлайсиз?
- Бу менинг тажрибам, кузатувим, ўқиш, уқишим, ақл-идроким маҳсули. - Шу худбинона фикрингиз сабабли янглишгансиз. - Масалан? - "Ўлмас қоялар"да ҳақни бузиб кўрсатгансиз. - Русия тарихи... - Чор русияси тарихини кўзда тутаяпсизми? - "махсус ходим" гапимни бўлди. - Ҳа. - Сохта нарса. - Черняев, Скобелев, Кауфман каби генераллар... - Николай II дажжолларининг уйдирмаларига ишонасизми? - Анатолий тағин гапимни кесди. - Ҳар қалай... - Олди-қочдидан бошқа нарсамас. Совет тарихи - тўғри тарих. Нимага ундан андоза олмагансиз? - Мен у тарихни тўғри деб ўйлаганман.
- Ўзингизни гўлликка солманг. Ҳаммани алдасангиз ҳам, мени алдолмайсиз. Сизнинг тилингиз бошқа, дилингиз бошқа. - Ишонмасангиз нима ҳам дейман. - Бунинг учун каллангиз кетиши мумкин, - "Махсус ходим" менга Азроилдек совуқ қаради. - Беҳбудийлар ҳаёти сизга сабоқ бўлмайдими? Ёшсиз... Шу сизга керакми?"... - Шайхулислом Носир Мулло Исҳоқ, Қозикалон Қаландархўжа Жунайдулло, Қозикалон Юсуфхўжа Абдулла Хўжа сингари эл-юрт катталари халқ номидан: "Биз ўз хоҳиш-истагимиз билан Русияга қўшиламиз" деб Петербургга - Николай II ҳузурига борганлар. Император уларни ҳурмат билан кутиб олган, сийлаган, илтимосларини қондирган. Бу тарихий ҳақиқатдан нега юз ўгирасиз? Анатолий атайлаб менга Ватан хоинларини рўкач қилди. Нега? Мени тузоққа илинтириш ниятида. Сабаб - Ҳали ҳам у мен тўғримда узил-кесил бир қарорга келолмагандек эди. Яъни унинг миясида: "Қасддан ёзмагандир?" деган бир ўй ёғи тугаётган шамдек милтираб тургандай эди. Мен махсус ходимнинг омонат фикрини қатъийлаштириш учун унга мавҳумга қотилган ёлғонни суқдим: - Буни билганимда эди... У менинг ичимдагини билиб олиш илинжида кўзимга тикилиб, бир муддат жим қолди. Сўнг сўради: - Бошқача ёзармидингиз? - Ҳа, - мен ичимни бекитдим. - Хатони тузатиш мумкин...
Замон нозик ва қалтис эди. Қўрқдим. Ўлимдан. Муҳим ишлар... Қандай? Келажакда ғанимнинг юзидаги қора ниқобини ечиш, олчоқ башарасини элга кўрсатиш ниятида эдим. Яна қўзғатиш... Бу айрим дўстларимга ишончсиздай, ҳатто ёлғондай туюлса ҳам, мен шундай ўй билан яшардим. - Хаёлингиз қочдими? Қаёққа? - Ўтмишга, - Анатолийнинг қўққис саволидан сергак тортдим. - Мавҳум сўзга тоқатим йўқ. - "Ўлмас қоялар"ни қайта ишлаш хусусида фикрим чуваланди. - Ишонайми? - Сўзим - сўз. - Гап исбот талаб қилади. - Вақт берсангизлар. - Вақт ҳам берамиз, кўмак ҳам берамиз. - Раҳмат. - Биласиз,Туркистоннинг Русияга қўшиб олиниши прогрессив аҳамиятга эга. Русия чириган, қолоқ, қашшоқ, таъбир жоиз бўлса, ўлик ўлкага маданият, маърифат, илм-фан, техника, жонли тил билан айтсам, жон олиб келди. Бу билан "махсус ходим" "Ўлмас қоялар"ни қайта ишлашда шу нарсаларга эътибор беришимни урғулаб ўтди. Мен сукут сақладим. Анатолий фикрини мустаҳкамлашда давом этди: - Туркистонда янги миллатлар, янги давлатлар туздик. Уларнинг айримлари ярим ёввойи эди.
Бу менинг юрагимга игнадек ботди. Бошимга қон тепди. "Махсус"га ғижиниб боққанимни кеч сездим... Бироқ ҳаётим қил устидалиги учун унга бир сўз демадим, дейишдан ўзимни зўрға тийдим. "Махсус" иршайди ва ўзини жўрттага оқлаган бўлди:
- Ўзбекни айтмадим. - СССР Конституциясида миллат айириш қораланади. - Мен буни сизни синиш учун айтдим. Бизнинг ишда бу мумкин. - Яъни КГБда. - Таъкидлаш шартмас. Чаёнга ким инонади? Лекин мен "махсус"га ўзимни ишонгандай қилиб кўрсатдим. Афтидан, у буни сезмади. Бир унсиз олдимга оқ стандарт қоғоз ва ёзғич (ручка) қўйди. Мен "Ўлмас қоялар"ни қайта ишлайман" деган мазмунда ўрис тилида "тушунтириш хати" ёздим. У замонда ўзбек тили - иккинчи даражали тил эди. Ўз юртимизда... Юқорида "КГБнинг ўлдиришга уринуви..." дегандим. Шунга изоҳ тариқасида уч мисол келтираман. Биринчи мисол: "Русия" қўниғида КГБ ходимидан узилиб, катта сўқоққа (кўча-таҳр) йўналдим. Тун чўкаётган палла эди. Бетон ариқча четида такси кутдим. Шунда, кутилмаганда бир юк машина йўлдан чиқиб, менинг устимга бостириб кела бошлади. Мен жон ҳолатда ўзимни четга олдим. Бир сония кечикканимда, ғилдираклар остида қолардим. Оралиқ бир қадам ҳам чиқмасди. Башанг кийинган бир ўрис ёнимга келиб: - Тебя Бог спас*, - деди ва мендан секин узоқлашди. "Қўрққанга қўша кўринади" деган гап бор. Мен уни: "КГБ ити" деб ўйладим. Яна қайдам? Ҳар нарсани Тангри билгувчи. Мен яна икки автоҳалокатдан омон қолганман. Тирик бўлсам, насиб этса, бир замонлар келиб, балки, бу ҳақда ҳам ёзарман. Иккинчи мисол: Элда: "Ўзини асраганни, Худо асрайди" деган гап юради. Таъқиб кучайгандан кейин мен то М.С. Горбачев* замонигача кўчага ёлғиз чиқишни тарк этдим. Ҳатто эшикни ҳам ўзим очмасдим, тунда деразага ҳам яқинлашмасдим. Кўнглимда ваҳм, ғулғула ҳукмрон эди. Бу пайтларда "Ўлмас қоялар" халқ тилига тушган, Ғарбий Олмония билан Туркияда босилган эди. Ўшанда мени олиб кетишга бир турк йигити Тошкентга келган. Ғарбий Олмония билан Туркияда яшашга таклиф қилган. "Иштонсизнинг чўпдан хадиги бор" дегандек, мен унга унча ишонмаганман. Шунга унамаганман! Афсус, у йигитнинг исми-шарифи эсимда қолмаган. Аммо бунга Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси гувоҳ. Шу келтирган мисолларим сабаб: КГБ мени қамашга иккиланган. Гапдан чўчиган. Шу боис ими-жимида иш кўришни маъқул топган. Бу менинг шахсий фикрим. Чиндан ҳам КГБ гапдан чўчиганми? Ҳа. Эл сўзиданми? Қисман. Асосан АҚШ билан Оврўпонинг: Аччиқ, Кескин, Одил талқинидан... Яна: Би-Би-Си, Озодлик, Америка овози радиоларининг: Бўрон, Довул, Тўфонлардан-да кучли ҳайқириқларидан... Зотан ёруғ оламда сўздан қудратли нарса йўқ. У ер юзини: Кул қилиши ҳам мумкин, Гул қилиши ҳам мумкин.
Гапим ўзимга бўйсунмай қолди. Чўзилиб кетди. Узр. Уни тизгинлаб, асосий ўзанга бураман. Ўша омонсиз йилларда биз Юнусобод массивида, беш қатли бетон уйнинг бешинчи қатида яшардик. Бир куни Ёзувчилар боғида (Дўрмон) дўстлар билан гапга берилиб, тун чўкканини сезмай қолибман. Шошилинч Ражаббой Ота Турк билан Юнусободга қайтдик. Мен ҳар эҳтимолга қарши "Волга"мда, ўтирғичим остида болта ва пичоқ сақлардим. Машинани гаражга бурдим. Шунда фара ёруғида кўзлари ғараз ўти билан чақнаётган барзанги ўрисга кўзим тушди. У қопи ёнида безрайиб турибди. Унинг қўли бўш бўлса-да, кўйлаги остида бир нима бордек эди. Дўппайган бу нарсани мен тўппонча деб тахмин қилдим. Юрагим дуккиллаб ура кетди. Ражаббойга сир бермадим. Унга болтани тутқаздим. - Қўрқма, - дедим иложи борича хотиржам овозда, - биз икки кишимиз. "Волга"дан тушдик. Мен қопини очиб, машинани темир гаражга қўйдим. Қопини ёпиб, қулфладим. Қўлимда пичоқ. Бироқ тиззаларим қалтираяпти. Ражаббой билан ўрис бир қулочча оралиқда бир-бирига тикилиб туришибди. Юзма-юз. Сўзсиз. Ҳужумсиз. Совуқ. Мен қўрқаётганимни сездирмаслик учун улар сари шахд юрдим. Ўрис шошмай, хотиржам, аммо аламзада бир алфозда тўрт-беш қадам ўнгга чекинди. Тўхтади. Мен бундан севиндим. Ғалва, жанжалга кимнинг тоқати бор? Ҳозир ўзим жар лабида турганимда, бу ўлганнинг устига тепган бўлади. Ўрис мендаги кечинмани сездими ёки ўзичами, билмадим, бўғиқ бир овозда тўнғиллади: - Я ошибся (Мен адашдим). Сўнг безрайганча бизга қараб тураверди. Ўрис бу сўзни кимга, нимага, нима учун айтди? Жумбоқ. "Телбамикан?" деган фикр хаёлимга келди. Лекин буни юрагим рад қилди: йўқ, ундоқмас. Овозида кин бор. Жинниларда кин нима қилсин? У соғ. Кийинишига қара. Министрдай. Ўрис бу сўзни ҳавога айтмади. "Келгуси гал янглишмайман..." деган маънода айтди. Шуни таъкидлайки, мен ўриснинг овозида қўрқувни туймадим. Ундан тез узоқлашарканмиз, Ражаббой менга: - Бир ўлимдан қолдингиз, - деди ва сўнг иккиланган бир товушда қўшимча қилди, - балки мажруҳ этиб кетармиди?.. - Балки? - Мен бор учун... - Тўғри, - дедим уни бўлиб, - Сен бор учун менга тегмади. Қўрққаниданмас. У бир кишини йўқ қилишга топшириқ олган... - Менимчаям шундай. - Қўрқмадингизми? - Йўқ. - Сенда иккита юрак борми дейман? - Менга Ота Турк руҳи мадад бўлди...
Учинчи мисол: Кеч куз эди. Қуёш ботарга қиялаганда, Республика КГБсидан менга бир маҳаллий ходим, адамшмасам, андижонлик эди, қўнғироқ қилди: - Бугун соат тўртда "Зарафшон" ресторани ёнига келинг. - Тинчликми? - Ҳа. Қариндошим Ҳайдарали билан келишилган манзилга бордик. "Волга"ни ресторан қаршисидаги қўналға (стоянка)га қўйдик. - Сен мени кутиб тур, - дедим Ҳайдаралига. - Хўп. Белгиланган вақтда КГБ ходими билан учрашдик. У гапни қисқа қилди. - Москвадан вакил келган. Сиз билан гаплашмоқчи. Бугун вақт тополмади. Эртага шу пайтда, шу ерда кўришамиз. Кечикманг. Бирон ерга боришимиз ҳам мумкин... Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очманг! - Тинчликми? - юрагим "шув" этди. - Тинчлик. - Қаерга?
Билмадим... Бу менинг фаразим. Балки, ичкарида қўнишар... Тилингизга маҳкам бўлинг. Яна ўзингизга ташвиш орттирманг!.. - Хўп, - дедим ёлғондан. Қорасувга - Зоҳир Аъламнинг уйига ёндик (йўл олдик-таҳр.). КГБчи билан кечган гап-сўзни унга айтдим. Зоҳирнинг юзи оқарди, кўз қорачиғи кенгайди. - Хайриддин Салоҳ билан Юсуф Шомансурнинг изсиз йўқолиб кетганини биласизми? - Эл-юртга аён нарсани... - Яхшиям бундан мени огоҳ этдингиз, - у гапимни оғзимдан олди, - борманг. - Сўз бериб қўйдим. - КГБни алдасангиз, Худо сизни олқишлайди. - Мен бундай қилолмайман. - Заҳарланиб қолдим дейсиз. - Йўқ, дўстим, бу қўлимдан келмайди, келганда ҳам у ишонмайди. Маккор одам. Янги макр ўйлаб топади. Ўчакишмаган маъқул. Зоҳирнинг қовоқлари уюлди. Икки қоши орасида қалин тиришлар пайдо бўлди. У норози оҳангда тўнғиллади: - Кейин кеч бўлиши мумкин...
(Давоми бор)

Ўзбекистон Қонунчилик палатаси раҳбари ўзгарди


Ўзбекистон парламент сайловидан кейинги илк сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери этиб Нурдинжон Исмоилов сайлангани хабар қилинмоқда.
54 ёшли Нурдинжон Исмоилов Дилором Тошмуҳамедова ўрнини эгаллаган.
Бундан олдин Эркин Ҳалилов узоқ йиллар давомида парламент раҳбари бўлган.
Мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос Нурдинжон Исмоилов Наманган прокуратураси, адлия бошқармаларини бошқарган.
У 1995 йилдан буён Ўзбекистон парламенти депутати этиб сайланган.
Мамлакатда парламент бир палатали бўлган йиллари Олий Мажлиснинг қонунчилик қўмитасини бошқарган.
2001-2002 йилларда президент маъмуриятида ҳам ишлаган.
Юридик фанлар номзоди Нурдинжон Исмоилов 2012 йилдан буён Президент Каримовнинг парламент, сиёсий ва ижтимоий ташкилотлар билан ҳамкорлик бўйича деб номланадиган давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Нурдинжон Исмоилов Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг номзоди сифатида Наманган вилоятидаги Чортоқ округидан илгари сурилган ва сайловда ютиб чиққани эълон қилинган.
Ўзининг сайловолди дастурида жаноб Исмоилов парламентнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш, парламентда мухолифатнинг фаолияти таъминланиши ва судларнинг мустақиллиги кафолати, аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун ваъдалар берган.
12 январ янги сайланган Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси 150 депутатининг илк мажлиси бўлиб ўтган.
Олий Мажлис юқори палатасининг биринчи мажлиси 14 январга мўлжаллангани хабар қилинган.
Ўзбекистон мустақил давлат бўлганидан кейинги парламент ва президент сайловлари эркин ва адолатли сайловлар сифатида тан олинмаган.
Оддий сайловчиларнинг очиқ, эркин ва демократик танлови сифатида кўрилмагани учун Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ёки бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги сайловларни кузатишга тўлақонли миссия юбормайди.
Мустақилликнинг илк йилларида мамлакатда фаолият юритган "Бирлик" ва "Эрк" мухолифат партиялари Ўзбекистон ичкарисида эркин фаолият юрита олмайди.
Кам сонда қолган мухолифат аъзоларига ҳозиргача террорчилик ташкилоти аъзоси сифатида қаралади.
Фаолларнинг ҳаракатланишлари ва телефон сўзлашувлари ортидан мунтазам айғоқчилик йўлга қўйилган.
Мамлакат конституциясига қайта-қайта ўзгаришлар ва ташкиллаштирилган референдумлар Ислом Каримовга 1989 йилдан буён ҳокимият тепасида қолишига йўл очган.
Навбатдаги президентлик сайловининг Ўзбекистонда 29 март кунига мўлжаллангани эълон қилинган.
Аксар кузатувчилар тахминича, худди 2002 йил референдуми ёки 2007 йилдаги президентлик сайловида кузатилгани сингари жамоатчиликка ҳуқуқий-қонуний асослари тушунтириб ўтирилмасдан ҳам Ислом Каримов номзоди илгари сурилади ва 80-90 фоизлик сайловчилар "овозлари" билан яна янги 5 йиллик президентлик муддати бошлангани эълон қилинади.
"Пикет ўтказишга рухсат йўқ!"

Фаолларга пикет ўтказишга рухсат берилмаган.

Тошкентлик инсон ҳақлари фаоли Елена Урлаеванинг Би-би-сига хабар қилишича, бугун уч фаолга Олий Мажлис олдида янги сайланган депутатларга қаратилган акцияларини ўтказишга изн берилмаган.
Милиция ходимлари фаоллар Елена Урлаева, Шуҳрат Рустамов ва Алиқул Саримсоқовлардан Ўзбекистондаги қатор раҳбар шахсларни жавобгарликка тортиш кераклиги ёзилган плакатларни тортиб олганлар ва депутатларга почта орқали мурожаат қилишни маслаҳат берганлар.
Шунингдек, милиционерлар Ўзбекистон Президентидан ўз ҳуқуқлари тикланишини талаб қилиб келаётган фарғоналик онахон Раҳбархон Одиловани ҳам Олий Мажлис биноси олдидан қувиб солишган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бир маҳаллада кетма-кет бўлган 11 ўғирлик Россиядан қайтаëтганлардан қўрқув уйғотди

Ўғрилар нишонига айланган Беруний маҳалласи Самарқанднинг машҳур Сиëб бозорига туташ.
Ўғрилар нишонига айланган Беруний маҳалласи Самарқанднинг машҳур Сиëб бозорига туташ.

Озодликка ўз манбаларидан маълум бўлишича¸ Самарқанд марказидаги Беруний маҳалласидагиларнинг кўпчилиги айни кунларда ўз уйида яшамайди – уларнинг кўпи Россия ëки бошқа хориж давлатига ишлашга кетган¸ қолганлари эса¸ маҳаллада на свет ва на газ йўқлиги сабаб¸ қишлаш учун бошқа жойда кун ўтказмоқда.
Озодлик суҳбатлашган шу маҳалла фаолларидан бири¸ кимлардир дала ҳовлисига кетиб¸ ўтин-кўмир ëқиб қишлаëтгани¸ бошқалар эса¸ газ таъминоти заиф бўлса-да¸ узилмаган шаҳарнинг кўп қаватлик уйларида яшаб¸ ҳовли-жойидан кунора хабар олиб туришини айтади.
- Аввалига маҳалладаги уйларга ўғри оралагани ҳақида хабар эшитдик. Кундузлари бориб уйдан хабар олиб турдик. Лекин 1 январь куни борсак¸ дарвозани бузмасдан¸ уйга ўғри тушганини кўрдик. Тахминимизча¸ ўғрилар томдан ошиб кирган. Ҳар бир хонага қулф ўрнатиб¸ ҳаммасини ëпиб кетган эдик. Эшикларни бузмасдан¸ ойналарнинг михчаларини олиб¸ уйга киришган. Пул йўқ эди¸ лекин тилла тақинчоқлар бор эди. Ҳамма ëқни тит-пит қилиб¸ фақат тиллаларни олиб кетишган. Бу бир кишининг иши эмаслиги шундоқ кўриниб турибди. Эртасига қўшнининг уйини ҳам ўғри босди¸ дейди Беруний маҳалласидаги туналган ҳовлилардан бирида яшовчи самарқандлик.
Уйини ўғри урган самарқандликларнинг айтишича¸ дарҳол милицияга мурожаат қилишганига қарамай¸ ўзларини Янги йил арчасини қўриш билан банд эканини иддао қилган ички ишлар ходимлари¸ воқеадан уч кун ўтиб ўғирлик жойига келган. Келгач¸ "сизлар ўғирлик жойига кириб¸ нарсаларга тегиб¸ изларни йўқотибсиз¸ деб бизларни уришди"¸ дейди туналган уй эгаларидан бири:
- Ўғриларни топамиз¸ дейишдан бошқа гап йўқ. Лекин ўғрилик тўхтагани йўқ. Кеча пешинда маҳалламизда яна бир хонадонни тунаб кетишди. Уларникидан ҳам бир неча минг доллар¸ тиллаларни олиб кетишган. Йиғлаб ўтирибди. Қизиғи¸ ўғрилик куппа-кундузи¸ уйда одам бор пайтида бўлган. Тахминимизча¸ бу ишларни биладиган одамлар қилаяпти. Маҳалладагилардан кимдир аралашган бунга. Ўғри тушган 11 та ҳовлининг 9 тасида одам турмайди – ë чет элда¸ ëки квартирада совуқдан жон сақлаб ўтирибди. Шу одам доим турмайдиган хонадонларга ўғри тушаëтганидан¸ кимдир уларга маълумот бераëтганини тахмин қилаяпмиз¸ дейди суҳбатдош.
Беруний маҳалласида икки ҳафта ичида 11 та ўғирлик содир бўлганини эътироф этган шаҳар ички ишлар бошқармасидаги манба¸ ҳар бир иш юзасидан жиноий иш очилганини билдирди. Расмий манбага кўра¸ ҳозирда ўғирликда гумонланган бир неча киши ҳибсга олинган ва тергов ишлари бормоқда.
Озодлик мухбири суҳбатлашган самарқандликлардан бирига кўра¸ бу ўғирликлар ҳақида шаҳар оммавий ахборот воситалари лом-мим деб хабар бермаëтганига қарамай¸ аҳоли орасида тарқаб бўлган ва жиддий хавотир уйғотган:
- Ҳозир участка нозирлари уйма-уй кириб¸ эҳтиëт бўлинглар¸ кундузлари ҳам уйингизни қулфлаб ўтиринглар¸ деб юрибди. 14 январь куни маҳаллаларда катта мажлислар бўлиб¸ ички ишлар ходимлари вазият ҳақида аҳоли билан гаплашар экан. Ҳозир ҳамма хавотирда¸ дейди самарқандлик суҳбатдош.
Унинг таъкидича¸ маҳалла фаоллари ва нозирлар аҳолини Россиядан меҳнат муҳожирларининг оммавий қайтаëтгани жиноятчиликнинг ошишига олиб келиши ҳақида очиқ огоҳлантирмоқда.
- Кеча бизникига ҳам мелиса келиб¸ Россиядан массовий қайтиш бўлаяпти¸ энди бохабар бўлиб туринглар. Яқинда катта мажлис бўлади¸ шу масалада¸ чиқинглар¸ деб кетди. Газетага ëзмасаям¸ телевизорда айтмасаям¸ одамлар ўғирликлар кўпайганини эшитиб бўлди. Россиядагиларнинг кўпчилиги 15 январгача қайтади¸ дейишаяпти. Ишлаш тартиби ўзгарар эмиш Россияда¸ шунга қайтишармиш. Бу ерда иш бўлмаса¸ булар нима қилади. Ўзи¸ бола-чақаси оч қолса¸ ўғирлик қиладида¸ бошқа нима қилсин? Тожикларда бир мақол бор¸ оч одам шердан ҳам қўрқмайди¸ деган. Буларга иш топиб бермаса¸ бошқа нима қилади¸ дейди самарқандлик суҳбатдош.
Беруний маҳалласида яшовчи Озодлик манбаси¸  милиция ходимларининг бу ўғирликларга лоқайдлик билан қараëтгани ва аҳоли мулкини ҳимоялаш бўйича деярли ҳеч нарса иш қилмаëтганидан ҳафсаласи пир бўлган маҳалладошлари¸ тунлари ухламай¸ қўриқчилик қилишга киришганини билдирди.
www.ozodlik.org